Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозондаги гимназияда отишма уюштирган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Татаристон Олий суди Илназ Галявиевни Россия Жиноят кодексининг бир қанча моддалари, хусусан, умумий хавфли усулда содир этилган икки ёки ундан ортиқ шахсни, жумладан, вояга етмаганларни ўлдириш ва ўлдиришга уринишда айбдор деб топди.
2021 йилда Қозондаги 175-сонли гимназияда отишма уюштирган Илназ Галявиев прокуратура талабини қаноатлантирган Татаристон Олий суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда 13 апрель, пайшанба куни Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълумот берди.
Галявиев Россия Жиноят кодексининг умумий хавфли усулда содир этилган икки ёки ундан ортиқ шахсни, шу жумладан вояга этмаганларни ўлдириш ва ўлдиришга уриниш, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ишлаб чиқариш ва сақлаш; бировнинг мулкини қасддан йўқ қилиш ва шикастлаш моддалари бўйича айбдор деб топилди.
2021 йил 11 май куни ҳужумчи кўп ўқли ов милтиғи, шунингдек қўлбола портловчи мослама билан қуролланиб, аввал ўзи ўқиган мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларига ҳужум қилди. Ушбу фожиа натижасида 9 киши, жумладан, 7 бола ҳалок бўлди. 600 киши жабрланувчи деб тан олинган, улар орасида вояга етмаганлар ҳам бор.
РФ Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, «фожиали воқеалар сабаби Галявиевнинг бузғунчи субмаданиятлардан бирининг норасмий вакиллари ҳаракатларига тақлид қилиш истаги бўлган, бу ҳақда у интернетдан маълумот олган, ҳужум пайтида уларнинг хатти-ҳаракатини ўхшатмоқчи бўлган».