Ўзбекистон | 12:13 / 17.04.2023
21613
2 дақиқада ўқилади

“Менинг йўлим” лойиҳасига старт берилди – ички йўлларни таъмирлаш учун таклиф қолдириш мумкин

17 апрелдан “Очиқ бюджет” порталида “Менинг йўлим” лойиҳасига таклиф қолдириш бошланди. Лойиҳанинг жорий йилги мавсуми учун 312 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиши белгиланган. Таклифларни 27 апрелгача қолдириш мумкин.

Фото: Kun.uz

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Менинг йўлим” лойиҳасининг жорий йилги мавсумига 17 апрелдан старт берилганини маълум қилди.

“Менинг йўлим” лойиҳасининг жорий йилги мавсуми учун 312 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиши белгиланган.

Лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни жорий йилнинг 27 апрел санасига қадар давом этади. Киритилган таклифлар учун овоз бериш жараёнлари 28 апрелдан 7 май кунига қадар ўтказилади.

Лойиҳада таклиф қолдириш учун нима қилиш керак?

  • Очиқ бюджет порталига киринг;
  • Ўнг томондаги “Кириш” тугмасини босган ҳолда шахсий кабинетингизга киринг;
  • “Қўшиш” тугмасини босиб, “Менинг йўлим” бўлимини танланг;
  • Таклиф қолдирмоқчи бўлган вилоятингиз, туман/шаҳар, МФЙ ва кўчани танланг;
  • Бунда сиз таклиф киритилаётган йўлнинг фотосуратини ҳам юклашингиз мумкин;
  • “Қўшиш” тугмасини босинг.

Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги видеоқўлланма эълон қилди.

“Менинг йўлим” лойиҳаси туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. 

Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига мувофиқ, 2023 йилда аҳоли фикри асосида молиялаштириладиган лойиҳаларга маблағ миқдори кескин оширилиб, 8 трлн сўмга етганди. Шу жумладан, “Менинг йўлим” лойиҳаси учун ҳам маблағлар ўтган йилга нисбатан 2 баробарга оширилди.

Аввалроқ, 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 1 309 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 1,3 трлн сўм маблағ ажратилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид