Немис атом энергетикаси динозаври мағлуб этилди. Фото: Getty Images

Экологик фаоллар ва ҳукмрон коалициядаги «Яшиллар» партияси атом станциялари хавфи ва радиоактив чиқиндиларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни айтиб, станцияларни ёпишни талаб қилаётганди.

Бироқ, кўплаб немислар буни хато деб ҳисоблашади, чунки атом станциялари кўмир, ёқилғи мойи ва ҳатто газда ишлайдиган станцияларга қараганда экологик тозароқ (ва арзонроқ).

Атом электр станцияларини ёпиш ғояси кучли анти-ядро лоббисига эга бўлган Германияда қўллаб-қувватланди. Бироқ, атом энергиясидан якуний воз кечиш муддати 2022 йил охиридан 2023 йил апрелига кўчирилганди, бу Украинага ҳарбий босқиндан кейин Россиядан газ етказиб бериш кескин қисқариши ва Кремлга қарши киритилган санкциялар билан боғлиқ эди.

Натижада, Берлин электрсиз қолиб кетмаслик учун нафақат атом электр станцияларининг ишлаш муддатини узайтириши, балки бир қанча кўмир электр станцияларини қайта ишга тушириши талаб этилди.

Денгиздан бир томчи

Биринчи бўлиб Бавариядаги «Изар-2» АЭС комплекси, кейин эса Эмсланд ва Неккарвестҳаймдаги станциялар ёпилди.

«Неккарвестҳайм-2» АЭС — Германиядаги охирги учта атом станциялардан бири эди. Фото: Getty Images

Ваҳоланки, ўтган йили ушбу учта атом электр станцияси мамлакатда ишлаб чиқарилган барча электр энергиясининг атиги 6 фоизини ташкил қилган. Таққослаш учун, 1997 йилда атом электр станциялари Германиянинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 30,8 фоизини таъминлаган.

Мамлакат расмийлари таъкидлашича, энергетика билан боғлиқ вазият тўлиқ назорат остида, атом электр станциялари вақт ўтиши билан демонтаж қилинади ва қайта ишлаш имкониятини сақлаб қолиш учун консервация қилинмайди. Уларнинг эслатишича, Германия газ омборлари максимал даражада тўлдирилган ва суюлтирилган газни қабул қилиш учун барча зарур инфратузилма яратилган бўлиб, у Россия газ таъминоти ўрнини босади.

Бундан ташқари, вице-канцлер, иқтисодиёт ва иқлим вазири ва «Яшиллар» партиясининг вақтинчалик раиси Роберт Ҳабекнинг сўзларига кўра, Германия 2030 йилга бориб электр энергиясининг 80 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариши керак.