Funke медиагуруҳининг Федерал оила ва фуқаролик жамияти масалалари идораси — BAFzA маълумотларига таяниб хабар беришича, 2025 йил давомида ҳарбий хизматни рад этиш бўйича 3 879 та ариза олинган. Жорий йилнинг январ–август ойларида эса уларнинг сони 12 мингдан ошган.
Идора вакилига кўра, ариза берувчилар ҳужжатларни тўлдиришда кўпинча хатоларга йўл қўймоқда. Айрим мурожаатларнинг мазмуни ҳарбий хизматни рад этишни асосли деб топиш талабларига жавоб бермагани учун улар кўриб чиқилмасдан қайтарилмоқда. Демак, келиб тушган аризаларнинг барчаси ҳам қаноатлантирилган эмас.
Германияда ҳарбий хизмат тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун 2026 йил 1 январдан кучга кирган. Унга мувофиқ, 18 ёшга тўлган йигит ва қизларга армияда хизмат қилишга тайёрлиги ҳамда яроқлилигини аниқлаш учун анкета юборилмоқда. Йигитлар уни тўлдириши шарт, қизлар учун эса жавоб бериш ихтиёрий.
Мамлакатда 2011 йилдан тўхтатиб турилган мажбурий ҳарбий хизмат ҳозирча қайта жорий этилмаган. Бироқ кўнгиллилар сони белгиланган эҳтиёжни қопламаса, Бундестаг алоҳида қонун билан «эҳтиёжга қараб мажбурий ҳарбий хизмат» тартибини жорий этиши мумкин. Германия 2035 йилга бориб фаол ҳарбийлар сонини 260 мингга етказишни режалаштирмоқда.
Мажбурий хизмат тикланиши эҳтимоли ёшлар орасида норозиликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Сентябрда мамлакатнинг қатор шаҳарларида мактаб ўқувчилари иштирокида йирик норозилик намойишлари ўтказилган.
Бундесвер эса янги хизматчиларни жалб қилиш усулларини кенгайтирмоқда. Жумладан, қуролли кучлар Кёлнда ўтказиладиган дунёдаги энг йирик видеоўйин кўргазмаларидан бири — Gamescom'да ҳам ўз стенди билан қатнашмоқда.
Шу билан бирга, Германия Мудофаа вазирлиги армияда хизмат қилаётганлар сони ҳам ўсганини билдирган. 2026 йил июл охирида Бундесвер сафида 186 700 нафар ҳарбий бўлган. Бу сўнгги 13 йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 700 нафарга кўп.
Бундесвернинг расмий маълумотига кўра, июл охиригача қарийб 378 мингта анкета юборилган, 2 630 нафар номзод эса хизматга яроқлиликни баҳолаш жараёнидан ўтган. Шу вақтгача ҳарбий хизматга кириш учун келиб тушган аризалар сони 47 300 тага етган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоиз кўп.








