Жаҳон | 16:52 / 18.04.2023
4484
3 дақиқада ўқилади

Москва суди WSJ журналисти Эван Гершковични ҳибсда қолдириш ҳақида қарор қабул қилди

Фото: Reuters

Москва шаҳар суди март ойи охирида қўлга олинган The Wall Street Journal газетаси журналисти Эван Гершковичнинг ҳибсда қолиши юзасидан берилган апелляцияни рад этди

Москва шаҳар суди The Wall Street Journal газетасининг жосусликда айбланган мухбири Эван Гершковични ҳибсда қолдирди. 18 апрель, сешанба куни суд америкаликнинг ҳибсда қолиши ҳақидаги шикоятни рад этди ва Москванинг Лефортово туман судининг 30 мартдаги қарорини тасдиқлади. 

Залга фақат АҚШ элчихонаси делегацияси ва ўн нафар журналист киритилди, деб ёзади «Медиазона». Суд залида журналист Василий Полонский унга ҳамкасбларининг саломини етказди. 

Екатеринбургда «жосуслик»да гумонланиб қўлга олинган ва Москвага олиб кетилган 31 ёшли Эван Гершкович 30 март куни Лефортово туман суди томонидан ҳибсга олинган - 29 майгача. У 1986 йилдан бери Россияда ушбу айблов билан ҳибсга ташланган биринчи хорижий мухбир бўлди. 

Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») журналист «Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган»ини даъво қилмоқда. Россия Жиноят кодексининг «Жосуслик» моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. The Wall Street Journal ва АҚШ ҳукумати Гершковичга қўйилган айбловларни рад этяпти. Давлат департаменти мухбир «ноҳақ ҳибсга олинган», деб баёнот берди. 

Россия Telegram-каналлари хабарига кўра, мухбирнинг ҳибсга олинишига РФ президенти Владимир Путин шахсан буйруқ берган. Россия ТИВ Гершковични алмашиш журналист устидан суд жараёни тугагандан кейингина амалга ошиши мумкин эканини билдирди. Журналист Дмитрий Колезев ўзининг Telegram-каналида Гершкович билан у Екатеринбургга боришидан олдин гаплашганини ёзди. «У ҳозирги шароитда анча хавфли бўлса ҳам, одатдагидек журналистик иш билан машғул бўлмоқчи эди», деди Колезев. 

Мавзуга оид