15:04 / 20.04.2023
13972

Яманда пул тарқатиш вақтидаги тиқилинч оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлди

Яман пойтахти Сано шаҳридаги мактаблардан бирида Рамазон ойи тугашига бир неча кун қолганида садақалар тарқатилган жойда оммавий тиқилинч юзага келди. Ҳусийларга кўра, қурбонлар сони 90 га яқин кишини ташкил қилган.

Фото: AFP

Яман пойтахти Сано шаҳрида хайрия тадбири чоғида юз берган оммавий тиқилинчда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Қурбонлар сони камида 85 кишини ташкил этди, яна камида 322 киши жароҳат олди, деди 20 апрель, пайшанба куни эрталаб ҳусий исёнчилар вакили. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Sky News Arabia хабарига кўра, 90 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Рамазон ойи тугашига бир неча кун қолганида аҳолига ёрдам кўрсатиш акцияси ўтказилган мактаблардан бирида тиқилинч юзага келган. Бир неча савдогарлар оломондаги одамларга пул тарқата бошлаганидан сўнг - киши бошига 9 доллардан, шов-шув кўтарилди, деб ёзади AFP. Ярадорлар ва ҳалок бўлганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган. Ҳусийлар вакиллари фожиага алоқадор уч киши ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди. 

Яманда охирги 9 йилдан бери фуқаролар уруши давом этмоқда. Қарама-қаршилик 2014 йилда, ҳусийчилар пойтахт Санони эгаллаб олгандан сўнг бошланган. Улар президент Абд Раббо Мансур Ҳодийни ҳокимиятдан четлатиб, уни мамлакатни тарк этишга мажбур қилишди. 2015 йил март ойида Саудия Арабистони ва БАА бошчилигидаги халқаро коалиция Ҳодий ҳукуматини ҳокимиятга қайтариш кампаниясини бошлаган эди. Яман аҳолиси ўта қашшоқликдан азият чекмоқда, аҳолининг учдан икки қисми инсонпарварлик ёрдамига қарам бўлиб қолган.

Top