Тошкентга янги автобуслар муборак!

Хитойдан олиб келинган 400 та янги автобуснинг йўналишларга чиқарилиши Тошкент аҳолиси учун чинакам ҳайитлик совғаси бўлди. 20 апрел тонгида илк марта йўналишларга чиққан 400 та янги автобуснинг 114 таси 18 метрли “гармошка”лар экани кўпчиликнинг эътиборини тортди. King Long компанияси ишлаб чиқарган бундай энг катта сиғимли автобуслар сони Тошкентда тез орада 200 тага етади.

Супер-узун шаҳар автобуслари Тошкентда ҳаракатланмай қўйганига 10 йил бўлганди. Бундай “гармошка”-автобуслар пойтахт учун охирги марта 1995 йилда харид қилинган, энг сўнггилари 2013 йилгача ҳаракатланган эди. Уларнинг қайтиши муносабати билан қатор бекатларнинг геометрик параметрларига ўзгартириш киритишга тўғри келяпти, чунки 18 метрли транспортлар ҳамма бекатларга ҳам сиғмаяпти.

Шу ҳафта пойтахт кўчаларида ҳаракатлана бошлаган янги автобусларнинг 286 таси – Yutong русумли, узунлиги 12 метр. Улардан 117 таси табиий газда юради, 169 таси эса электробус.

Хитойдан буюртма қилинган 1000 та катта автобуснинг қолган 600 таси ҳам яқин ҳафталарда етиб келиши кутиляпти. Бу билан шаҳар автобуслари сони, эскилари таркибдан чиқарилиши ҳисобига, 1800 тага етиши айтилган. Шу тариқа, Тошкентда узоқ давом этган жамоат транспорти деградациясидан кейин автобуслар сони 1991 йилдаги даражага яқинлашади. Маълумот учун, 90-йиллар бошида пойтахтимизда 2200 тадан кўпроқ автобус, 500 тадан кўпроқ таркибга эга трамвай ва 400 тадан кўп таркибга эга троллейбус ҳаракатланган.

Автобуслар кўпайиши билан бир вақтда, тизим ҳам ислоҳ қилинаётгани қувонарли. Ташувчи корхоналар билан брутто-контракт тизимида ишлашга ўтиш уларни сон эмас, сифат учун ишлашга ундаши керак. Чунки бунда ташувчи корхонанинг даромадлари ташилган йўловчилар сонига боғлиқ бўлмайди. Йўлкирадан 5 млн сўм тушум бўладими, 10 млн сўмми – фарқи йўқ, – тушган пуллар шаҳар ҳокимиятининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади. Ҳокимият ташувчи корхоналарга ҳаракат жадвали ва интервал талаблари, санитария қоидаларига амал қилишига қараб пул тўлайди. Корхоналар бунинг учун Тошкентдаги 167 та автобус йўналишини тендерда ютиб олиши керак.