Зеленский Си Жинпинг билан телефон орқали мулоқот қилди
Си Жинпинг Зеленскийни Хитой бетарафлиги ва тинчликни исташига ишонтирган. Хитой Украинага Евросиё ишлари бўйича махсус вакилини юборади.
ХХР раиси Си Жинпинг Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда дастлаб Хитойнинг CGTN телеканали хабар берди.
Бу Си ва Зеленский ўртасида Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён илк телефон мулоқоти бўлди.
Зеленский ҳам твиттерида Хитой етакчиси билан гаплашганини тасдиқлаган. «Мен ХХР раиси Си Жинпинг билан узоқ ва мазмунли телефон мулоқоти ўтказдим. Ишонаманки, бу мулоқот, шунингдек, Украинанинг Хитойдаги элчиси тайинланиши бизнинг икки томонлама муносабатларимиз ривожи учун кучли импульс беради», — деган Зеленский.
Украина президенти баёнотидан келиб чиқадики, у Украинанинг Пекиндаги янги элчисини тайинлаган. Бу лавозимни ким эгаллагани ҳозирча маълум эмас. Олдинги элчи 2021 йилда вафот этган, шундан кейин Украина ушбу мамлакатга ўзининг янги вакилини юбормаганди.
Хитой ТИВ матбуот котиби Хуа Чунйинг Хитой Украина билан икки томонлама стратегик шерикликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлаган.
Шунингдек, мулоқотдан кейин ХХР раиси Си Жинпинг Хитой Украинадаги можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича чуқур алоқа ўрнатиш учун Украина ва бошқа давлатларга Евросиё ишлари бўйича махсус вакилини юборишини маълум қилган.
Хитойнинг CCTV давлат телекомпания хабар беришича, телефон мулоқоти чоғида ХХР раиси урушдан чиқишнинг ягона йўли – музокаралар эканига урғу қаратган.
Россиянинг Украинага босқинининг бир йиллиги муносабати билан Хитой ТИВ «Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича» 12 банддан иборат ўз позициясини тақдим этганди. Улар орасида — бир томонлама санкциялар ва совуқ уруш менталитетидан воз кечиш ҳам бор эди. Володимир Зеленский «бу Хитойнинг тинчлик режаси эмаслиги», балки Пекиннинг «фикрлари» эканини айтган, шу билан бирга Хитой Украина ҳақида гапира бошлагани яхши аломат эканини қайд этганди.
Расмий Пекин Россия тажовузи масаласида бетараф позиция сақлаб келади, аммо Ғарб уни Россиянинг иттифоқчиси деб ҳисоблайди. Россия томони ҳам Пекин билан яқин алоқаларини кўз-кўз қилади.
Хитой нашрларига кўра, Украина президенти билан суҳбатда Си Жинпинг уни Хитой ҳамиша тинчлик тарафида бўлгани ва шу позицияда қолишига ишонтирган.
Хитой ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, телефон мулоқоти ўтказилгани факти ҳам Хитой объектив ва холис позиция танлагани ҳамда катта ва нуфузли мамлакат сифатида ўз масъулиятини ҳис қилаётганини кўрсатади.