Генерал-полковник Михаил Мизинцев Россия мудофаа вазирининг моддий-техник таъминот ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганидан етти ой ўтиб ишдан кетган. Бу ҳақда z-блогерлар ва телеграм-каналлар хабар тарқатди. Мизинцевнинг истеъфоси ҳақида расман эълон қилинмаган.
Мизинцев лавозимидан озод этилгани ҳақида дастлаб ВГТРК ҳарбий мухбири Александр Сладков хабар берди. У бу истеъфо сабабини билмаслигини айтган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Мизинцев ишдан бўшатилгани тўғрисидаги хабарга изоҳ беришдан бош тортди.
Мизинцев ҳақида нималар маълум?
Мизинцев вазир ўринбосари лавозимига ўтказилгунига қадар РФ мудофаасини бошқариш миллий марказига раҳбарлик қилганди. ОАВ маълумотига кўра, айнан у уч ой давом этган Мариупол қамалига бошчилик қилган, Украина ҳукумати баҳоларига кўра, бу шаҳар учун жанглар вақтида тинч аҳоли вакилларидан бир неча ўн минг киши ҳалок бўлган. Ғарб матбуотида генерал «Мариупол қассоби» лақабини олган.
Шаҳардаги вайронгарчилик Суриянинг Ҳалаб шаҳри қамали оқибатларига қиёсланади, бу шаҳар Россия бомбардимонларидан кейин харобага айланган. Суриядаги авиазарбаларга айнан Мизинцев раҳбарлик қилган ва ҳарбий экспертлар тахмин қилишича, Мариуполда ҳам у бу тажрибадан қисман фойдаланган. 2022 йил мартида Британия ҳукумати унга қарши персонал санкциялар киритганди.
РФ Мизинцев шаҳарни эгаллашда иштирок этганини расман тасдиқламаган, айрим мустақил экспертлар ҳам Мариуполнинг вайрон қилинишига айнан у жавобгар эканига шубҳа билдирган.
Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси тарқатган аудиоёзувда Мизинцев ўз қўли остидагиларни ҳақорат қилгани ва уларни «бутилкага ўтирғизиш» билан таҳдид қилгани акс этган.
Таъминотдаги муаммолар
Мудофаа вазирлиги сайтида айтилишича, мудофаа вазири ўринбосари лавозимида Мизинцев россиялик ҳарбийларнинг моддий-техник таъминотига, шунингдек, қўшинларни қурол ва ҳарбий техникалар билан таъминлашга жавобгар бўлган. 2022 йил сентябрига қадар Россиянинг фронт орти таъминотига Дмитрий Булгаков масъул бўлганди.
















