Ўзбекистон | 17:47 / 01.05.2023
10450
2 дақиқада ўқилади

Референдумда қарийб 74 мингта бюллетен ҳақиқий эмас деб топилди

Бу барча бюллетенларнинг 0,44 фоизини ташкил қилади.

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Зайниддин Низамходжаев референдумнинг дастлабки натижалари ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси халқи томонидан референдумда қабул қилинган дейишга барча асослар бор.

«Референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деган саволга овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 15 миллион 40 минг 55 нафари ёки 90 бутун юздан 21 фоизи ёқлаб, 1 миллион 559 минг 200 нафари ёки 9 бутун юздан 35 фоизи қарши овоз берган.

Ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенларнинг сони 73 минг 934 дона ёки ноль бутун юздан 44 фоиз.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунга кўра, агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган бўлса, қарор референдумда қабул қилинган деб ҳисобланади.

Шу муносабат билан, ушбу дастлабки маълумотларга таяниб, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси халқи томонидан референдумда қабул қилинган дейишга барча асослар бор», деди у.

Референдумнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилиниб, расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Мавзуга оид