Интервю меҳмонлари иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ва экология масалалари бўйича эксперт Фаррух Сатторов бўлди.

Суҳбат давомида, шунингдек, Афғонистонда толиблар қураётган Қўштепа канали ва у тўла қуриб битказилганда келиб чиқадиган экологик муаммолар ҳам таҳлил қилинди.

— Интервюга киришда бугун уч экологик муаммони таҳлил қилишимиз ҳақида айтдим. Улардан биринчиси – Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келар экан, Амударё орқали ўзининг уч вилоятига сув олиб бориш учун Қўштепа канали лойиҳасига старт берди. У тўлиқ қуриб битказилса, Ўзбекистоннинг қайси ҳудудлари сувсиз қолиши-ю, қишлоқ хўжалиги учун қандай муаммолар пайдо бўлиши ҳақида ирригатор олимлар билан бир неча бор интервюлар қилдик. Хўш, эколог сифатида бу канал қурилишида сизлар қандай оқибатларни кўряпсиз?

Фаррух Сатторов:

— Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудлар қўриқхона ҳисобланиб, Бухоро буғусининг асосий яшаш жойи ҳисобланади. Ушбу қўриқхона ЮНЕСКО рўйхатига ҳам киритилган. Экологик томондан энг катта талафот кўрадиган жойлардан бири шу қўриқхона бўлади. Бундан ташқари, сув камайиши ўсимликларга ҳам таъсир қилиб, чўлланиш янада тезлашиб кетиши мумкин. Нафақат дарёнинг атрофлари, балки бошқа катта ҳудудларга ҳам таъсири бор, чунки Амударёдан кўплаб каналлар, суғориш тармоқлари чиққан. Қуйи оқимдаги вилоятларнинг қишлоқ хўжалигига таъсир ўтказади. Дарахтлар, ўсимликлар — умуман, флорага салбий оқибатлар олиб келади.

Фаррух Сатторов

Эркин Абдулаҳатов:

— “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятга келганда марказлашган бошқарувни кўзлаган эди. Шимолдаги вилоятларни бирлаштириш учун сув омили керак, албатта. Ўтган йилги Амударё сувидан фойдаланиш лимитига қарайдиган бўлсак, 40 фоиз Туркманистон, 35 фоиз Ўзбекистон, 12 фоиз Тожикистон ишлатган. Ҳозирги келишувларда ҳар йили Қўштепа канали 10 куб километр сув олиши режалаштирилган. Қурғоқчилик даврларида дарёнинг 1/3 сувини ташкил қилади бу.

Эркин Абдулаҳатов

Ўтган йилги кўрсаткичга қўра ҳисобласак, 1/4, яъни 25 фоиз сувни олади дегани. Шундоқ ҳам бизда охирги пайтлар қурғоқчилик, иқлим ўзгариши кузатиляпти. Айни суғориш — вегетация пайтида ҳаво ҳарорати кўтарилиб кетяпти йилдан йилга. Бизнинг минтақада бу ҳолат буғланишни кучайтириб юборади. Суғоришга эҳтиёж ортаверади эндиликда. 2030 йилда юзага келиши мумкин дейилаётган сув етишмовчилигида бу омил ҳисобга олинмаган эди.