Ўзбекистон президентининг фармони билан Тимур Нурйигитович Бутунбаев Президент администрацияси раҳбарининг сув ислоҳотлари бўйича ўринбосари — Ҳуқуқий экспертиза департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.

Шу муносабат билан Бутунбаев Президент администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Тимур Бутунбаев сув хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган.

Хусусан, Президент администрациясидаги фаолиятидан олдин у Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2025 йил 14 июлда президентнинг тегишли фармони билан Тимур Бутунбаев Президент администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Шу муносабат билан у сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Сув хўжалиги вазирлигидаги фаолияти давомида Бутунбаев суғориш тизимларини модернизация қилиш, сув йўқотишларини камайтириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмлари ва рақамли технологияларни жорий қилиш масалалари билан шуғулланган.

Президент администрацияси раҳбари ўринбосари сифатида ҳам у сув хўжалиги ва сув таъминоти соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиришда иштирок этди. Жумладан, 2026 йил июнида Наманган вилоятида сув хўжалиги соҳасидаги муаммолар, инфратузилма лойиҳалари, каналларни бетонлаш, давлат-хусусий шериклик ва сув тежовчи технологияларни кенгайтириш масалалари муҳокамасида қатнашган.

2026 йил июлида эса Тимур Бутунбаев Ню-Йоркда ўтказилган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги сиёсий форумида Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этди.

У форумда Ўзбекистонда сув хўжалигида амалга оширилаётган институционал ва ҳуқуқий ислоҳотлар, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, соҳани рақамлаштириш ҳамда минтақавий сув дипломатиясини ривожлантириш бўйича мамлакат тажрибасини тақдим этган.

Шунингдек, ўша ойда Бутунбаев БМТ Тараққиёт дастури раҳбарияти билан Ўзбекистоннинг сув хавфсизлиги, иқлимга барқарорлик ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича юқори даражадаги учрашувда иштирок этган.

Эндиликда Тимур Бутунбаев Президент администрацияси раҳбарининг сув ислоҳотлари бўйича ўринбосари вазифаси билан бир қаторда Ҳуқуқий экспертиза департаменти бошлиғи лавозимини ҳам эгаллайди.