СССР даврида, кейинчалик Россияда ҳамда кўплаб постсовет давлатларида 7 май алоқа ходимлари куни сифатида байрам қилинади. Ўзбекистонда эса бу байрам норасмий нишонланади. Шу куни алоқачиларни табриклашади, гуллар, совғалар, фахрий ёрлиқлар беришади.
Ўзбекистонда Қурилиш соҳаси ходимлари куни (август ойининг иккинчи якшанбаси), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни (18 апрел), Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни (декабр ойининг иккинчи якшанбаси), Тиббиёт ходимлари куни (ноябр ойининг иккинчи якшанбаси) байрам сифатида нишонлаш тўғрисида қонунлар қабул қилинди.
Аммо ҳанузгача алоқачилар учун давлат миқёсида белгиланган расмий байрам санаси йўқ.
Бизга маълум бўлишича, рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов соҳадаги алоқачиларни чақириб, фахрий ёрлиқлар билан табриклайди. Лекин бу тадбир барибир кенг доирада нишонланмайди.

Бу ҳол фонида касаба уюшмаси ходимлари кунига умумхалқ байрами статуси берилаётгани янада ғалати кўринади.
Алоқачилар XXI аср – ахборот асрида энг муҳим касблардан бири ҳисобланади. Телефон ва интернет алоқасини ўрнатишда уларнинг хизматлари беқиёс. Километрлаб кабеллар тортиш, симсиз алоқаларни таъминлашда ҳам улар жонбозлик кўрсатишмоқда. Уяли алоқа компанияларда ҳам минглаб инсонлар ишлашмоқда.
Ҳозир видеоконференцалоқа, GPS алоқаси ёки ҳарбий соҳаларда фойдаланиб келинаётган алоқаларсиз умуман ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Ёки ички ишлар ва бошқа соҳаларда ҳам алоқачилар ишлаб юришибди: камералардан кузатув марказлари, рация алоқа маркази, ситуацион марказ – буларнинг барчасида алоқачилар ишлашмоқда.
Эътибор қилинг, ушбу шу сатрларни ўқиб туришингиз ҳам алоқачиларнинг хизмати туфайли рўй бермоқда.







