Гувоҳларнинг ҳикоя қилишича, қуролланган шахс ўткинчиларга қарата тартибсиз ўт очган. Савдо марказидан юзлаб кишилар эвакуация қилинган.
Полициядан маълум қилишларича, жиноятчи отиб ўлдирилган. У ёлғиз ҳаракатланган деб ҳисобланмоқда.
Хабарларга кўра, қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Камида етти киши шифохонага ётқизилган, уларнинг камида уч нафари оғир аҳволда.
Аллен ўт ўчириш хизмати бошлиғи Жонатан Бойднинг айтишича, етти киши, жумладан, ўт очган шахс воқеа жойида ҳалок бўлган, кейинроқ яна икки киши шифохонада жон берган. Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, қурбонлар ёши 5 дан 51 ёшгача бўлган.
Аллен полицияси бошлиғи Брайан Ҳарвининг хабар беришича, савдо марказидаги полициячилардан бири отишма овозларини эшитгач, нима бўлаётганини билиш учун етиб борган ва отишма бошлаб, гумонланувчини отиб ташлаган.
Техас губернатори Грег Эбботт отишмани «сўз билан ифодалаб бўлмайдиган фожиа» деб атаган ва маҳаллий ҳукуматга зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.
АҚШ полицияси воқеа жойида олинган видеоёзувларнинг муаллифларига мурожаат қилиб, ходимлари далилларни йиғишга киришган Федерал қидирув бюросига мурожаат қилишни сўраган.
Айрим гувоҳларнинг сўзларига кўра, мерган қора рангли жанговар кийимда бўлган. Пайдо бўлган кадрларда унинг жасади ёнида AR-15 русумли автомат винтовкани кўриш мумкин.

«Мен 10 га яқин кучли товушни эшитдим, кейин яна 10-15 марта ўқ узилди - биз тўлиқ қора кийинган, зирҳли нимча таққан йигитни кўрдик, у одамларни шунчаки ўққа тутарди», дейди гувоҳлардан бири.
Воқеа жойида олинган видеода одамлар ўқлар овози остида автотураргоҳ ортидаги бошпанага қараб чопаётгани акс этган.
Даллас марказидан 32 км шимолда жойлашган Аллен шаҳрида 105 минг киши истиқомат қилади.
Техасда 21 ёшга тўлган ва ундан катталарнинг аксар қисми, агар муқаддам судланмаган бўлса, лицензиясиз ҳам ўзи билан тўппонча олиб юришига рухсат берилган, винтовка ва сочма ўқ отувчи ов милтиғига эгалик қилиш учун ҳам чекловлар кўп эмас.










