Техас штати губернаторлиги учун кечган сайловда Демократик партия номзоди Жина Иноҳоса амалдаги губернатор, тўртинчи муддат учун номзодини қўйган республикачи Грег Эбботтни мағлуб этди.

Овозларнинг 68 фоиз қисми ҳисобланганида демократлар номзодига 4 миллион 30 минг 430 киши (56,9 фоиз) овоз бергани, амалдаги губернаторни 2 миллион 966 минг 486 сайловчи қўллагани (41,9 фоиз), Либертариан партияси номзоди 90 минг 716 кишининг овозини қўлга киритгани (1,3 фоиз) маълум бўлганди.

«Уларнинг менга шубҳа билан қарагани мени асло ташвишга солмади. Мени уларнинг бизга шубҳа билан қарагани ташвишга солди. Техас, мен сенга бўлган ишончимни ҳеч қачон йўқотмаганман», – деди 52 ёшли Иноҳоса Остиндаги ғалаба оқшомида ўз тарафдорлари қаршисида.

Демократлар учун бу сенсацион ғалаба бўлди. Остин шаҳридан штат вакиллар палатаси аъзоси бўлган Иноҳоса Техаснинг лотин америкалик илк раҳбари бўлади, бундан ташқари, у штатдаги губернаторлик сайловларида 1990 йилдан буён ғалаба қозонган илк демократга айланди. 2014 йилдан буён штатни бошқариб келган Эбботт уни ғалаба билан табриклаган.

Эббот шундан кейинги барча пойгаларида икки хонали устунлик билан ғалаба қозониб келганди.

Шунингдек, Техасда Жеймс Таларико АҚШ Сенати учун сайловда республикачилар номзоди Кен Пакстон устидан ғалаба қозонди.

Азалдан республикачиларга мойил бўлган ушбу штатда сенат учун сайловларда демократлар ғалабаси охирги бор 1988 йилда кузатилганди, ўшанда Ллойд Бентсен мазкур штатдан АҚШ конгресси юқори палатасига сайланганди.

Иноҳоса ўз кампаниясини ўтган йили бошлаганди. У Эбботни оддий одамлардан кўра бойлар манфаатини устун қўйишда ва харажатларни камайтира олмасликда айблаган. Эббот эса Иноҳоса солиқларни оширмоқчи эканини айтиб, уни радикал ҳамда техасликларнинг ҳаёт тарзига таҳдид сифатида кўрсатган.

Иноҳосанинг илк сайловолди ваъдаларидан бири – штатнинг қарийб 32 миллион аҳолисининг ҳар бирига «Коррупция солиғи қайтарилиши» деб номланган бир марталик 1500 долларли тўлов бўлди. У бу пуллар Техаснинг фавқулодда жамғармаси ҳисобидан қопланишини айтди.

Иноҳоса, шунингдек, дата марказларга қарши миллий миқёсда кучайиб бораётган норозиликдан фойдаланиб, Эбботни энергияни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилувчи сервер омборлари кўпайишига йўл қўйишда айблаган. Эббот жамоатчилик ғазабига жавобан янги дата марказларини тасдиқлашга вақтинчалик мораторий жорий қилишга мажбур бўлганди.