Жаҳон | 11:42 / 08.05.2023
7439
3 дақиқада ўқилади

Сурия Араб давлатлари лигасига қайтяпти

Сурия аъзолиги тўхтатилганидан кейин ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб Араб давлатлари лигасига қайтади. Дамашқ янги конституция бўйича мухолифат билан музокараларни қайта бошлаши кутилмоқда.

Фото: AFP

Араб давлатлари лигаси Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Сурияни ташкилотга қайтаришга қарор қилди — унинг аъзолиги тўхтатилганидан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб. Бу қарор Қоҳирада бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда қабул қилинди, деди 7 май, якшанба куни Араб давлатлари лигаси бош котиби вакили Гамал Рушдий. Бу ўз халқига нисбатан шафқатсиз репрессия туфайли 2011 йилда ташкилотдан чиқариб юборилган Сурия президенти Башар Асад ҳукуматининг яккаланишига чек қўяди, дея таъкидлади dpa.

Араб давлатлари “ўзаро ҳурматга асосланган самарали ёндашув”га амал қилишлари керак, дея маълум қилди Сурия ТИВ. Идора, шунингдек, “араб давлатлари олдида турган муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликдаги иш ва мулоқот муҳимлигини” таъкидлади.

Араб давлатлари лигаси мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Суриядаги инқирозни, унинг “инсонпарварлик ва сиёсий оқибатларини, шунингдек, хавфсизлик учун жиҳатларини ҳал қилиш ҳаракатларида етакчи рол ўйнашни бошлаш истагини” қайд этиб, "барча муҳтожларга" инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши кераклигини қўшимча қилди. Шунингдек, улар “кенг қамровли ечимга эришиш учун Сурия ҳукумати билан тўғридан тўғри мулоқотни” давом эттириш мақсадида вазирлар қўмитасини тузишга келишиб олдилар.

Германиянинг dpa агентлиги маълумотларига кўра, Сурия расмийлари мухолифат билан янги конституция бўйича музокараларни давом эттириши ва сайловларга йўл очиши кутилмоқда. Бундан ташқари, ҳукумат қочқинларнинг қайтишига рухсат бериши, инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини таъминлаши ва қўшни давлатларга наркотик моддалар контрабандасини тўхтатиши керак, дея таъкидлади агентлик. Унга кўра, араб давлатлари Суриядаги тикланиш ишларига молиявий ёрдам бермоқчи ва иттифоқчи давлатларни бу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишга кўндирмоқчи.

19 май куни Саудия Арабистонида Араб давлатлари лигасининг 22 аъзоси иштирокидаги навбатдаги саммит ўтказилиши режалаштирилган. Подшоҳлик Асадни ушбу учрашувга таклиф қилиши мумкин, деб ёзади dpa.

Мавзуга оид