Покистоннинг собиқ бош вазири, ҳозирда мухолифат етакчиси, «Таҳриқ-и-Инсаф» партияси раҳбари бўлган Имрон Хоннинг тарафдорлари у Исломободда қуролланган шахслар томонидан қўлга олингани ҳақида хабар беришди.
Уларнинг сўзларига кўра, Хон Исломобод Олий суди мажмуасига коррупция айбловлари бўйича мажлисларда қатнашиш учун келганида ҳибсга олинган.
Хабарларга кўра, Хон суд биносига кирганидан сўнг зирҳли транспортёрларда етиб келган ҳарбий хизматчилар томонидан қўлга олинган.
Ҳукумат унинг ҳибсга олиниши сабаби бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.

«Таҳриқ-и-Инсоф» партияси твиттерида Хоннинг тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақириқлар пайдо бўлди. «Покистон халқи, мамлакатингизни қутқариш вақти келди. Сизда бошқа имконият бўлмайди», — дейилган хабарлардан бирида.
Хон бир неча иш бўйича судга тортилган. Душанба куни ҳарбийлар Хонни «асосланмаган айбловлар» оқибатларидан огоҳлантиришганди - бунга у аввалроқ юқори мартабали зобитлардан бирини ўзини ўлдириш мақсадида тил бириктиришда айблагани сабаб бўлганди.
Март ойида Покистон суди мамлакатдаги кескинликни юмшатиш мақсадида ушбу таниқли сиёсатчини ҳибсга олишга уринишларни тўхтатиш бўйича ҳукм чиқарганди.
Икки кун муқаддам Хоннинг юзлаб тарафдорлари ҳокимият вакилларига уни қўлга олишга тўсқинлик қилган ва полициячилар билан тўқнашувга киришганди, ҳуқуқ-тартибот органлари эса кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллаганди.
Хонни қўлга олиш бўйича амалиёт Исломободдаги суд уни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин бошланди, бунга собиқ бош вазир ўзига берилган совға-саломларни сотиб юборгани бўйича ишда гувоҳлик беришга келмаганди. Бу совғалар унга 2018-2022 йилларда бош вазир лавозимини эгаллаб турганида хорижий давлатларнинг юқори мартабали вакиллари томонидан топширилганди.
Бу совғалар рўйхати ўтган йилдаёқ эълон қилинганди, рўйхатда еттита соат, жумладан 300 минг долларлик соат, шунингдек, айрим маълумотларга кўра, бриллиант тақинчоқлар ва қимматбаҳо ошхона сервизлари бўлган.
2022 йил апрелида лавозимини йўқотган Имрон Хон ўзи томонидан қандайдир ноқонуний ҳаракатлар бўлганини рад этади ва унга қарши қўзғатилган жиноий иш сиёсий мотивларга асосланганини айтади.
















