Путиннинг собиқ ошпази ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ва Россия мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасида юзага келган муаммо Россия раҳбариятида жиддий хавотир уйғотган. Бу ҳақда «Медуза» мустақил нашрининг Кремлга яқин икки манбаси маълум қилган.
Пригожин «Вагнер» урушга қўшилганидан буён мудофаа вазирлиги манзилига кескин танқидлар ёғдириб келади, май ойи бошида эса бу танқидлар таҳдидга ва ҳақоратга айланди. 5 май куни Пригожин гуруҳ Бахмутда босқинни давом эттириши учун қўшимча ўқ-дори беришларини талаб қилди ва акс ҳолда «Вагнер»ни шаҳардан олиб чиқиб кетишини айтди. 6 май куни Рамзан Қодиров «катта оғаси» Пригожин кетадиган бўлса, чеченлар Бахмутдаги позицияларни эгаллашга тайёрлигини билдирди. «Вагнер» раҳбари ҳам бунга рози бўлди.
Бир кун ўтиб эса Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу жанубий округга ташрифи вақтида «фронтга қурол-яроғ етказиб беришни назорат қилиш» бўйича буйруқ берди. Бу буйруқ табиийки айнан «Вагнер»га ўқ-дори бериш билан боғлиқ эди.
9 май куни Пригожин 27 дақиқалик видеомурожаат қилиб, ўқ-дори муаммоси ҳамон ҳал бўлмагани, сўралган қуролларнинг атиги 10 фоизи олинганини айтиб, Россия мудофаа вазирлигини шантаж қилишда давом этди. Етмаганига Россия армияси доимий бўлинмаларидан бири Бахмутда ўз позициясини ташлаб қочганини иддао қилди.
«Тепадан жиноий буйруқлар берилмоқда, балиқ бошидан сасийди». Пригожин энди Путинга ташланмоқдами?
Пригожиннинг «бахтиёр чол» ҳақида айтган гаплари тармоқда айниқса фаол муҳокама қилинди. «Вагнер» раҳбари ўша эпизодда мана шундай деганди: «Ҳар хил одам бор. Кимлардир урушади, кимлардир бир вақтлар захира бўлиши керак деган нарсани ўқиб қолган ва шунинг учун йиғаверади, йиғаверади. Улар душманни ўлдириш учун снаряд сарфлаш ўрнига ўзимизнинг аскарларни ўлдиришмоқда. Бахтиёр чол эса ҳаммаси яхши деб ўйлашда давом этади. Агар у ҳақ бўлса, майли, соғ бўлсин. Лекин, айтайлик, бу чол ўтакетган аҳмоқ бўлса-чи? У ҳолда урушни қандай ютиш мумкин?»
«Кремл таҳдид деб қабул қилган»
«Медуза»нинг Россия президенти администрациясига яқин манбаси Пригожиннинг мудофаа вазирлигига мурожаати Кремлда очиқчасига таҳдид сифатида қабул қилинганини айтган. Яна бир манбага кўра, Пригожин Россия ҳукумати билан «бир жамоада эмас ва бир мақсад йўлида ҳаракат қилмаяпти».
















