Яқинда Kun.uz мухбири, ҳамкасбим Фаррух Абдусаттаров АҚШга сафар қилиб, кўплаб репортажлар тайёрлади. Жумладан, Флорида штатида жойлашган “Ал-Бухорий” масжиди фаолияти ҳақида, бу масжиднинг масъуллари билан ҳам суҳбат ёзиб олган эди. Ўзбекистонга қайтгач, Фаррух бу материалларни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига юборди. Шу кунларда, қўмитанинг жавоби келди. Жавоб эса, ниҳоятда ажиб. Бир сўз билан айтганда, қип-қизил цензура.

Аввало, Дин ишлари қўмитаси нима учун керак, деган саволга жавоб изласак. Ўзбекистон – республика, яъни, ҳокимиятнинг ягона манбаи – бу Ўзбекистон халқи. Шунингдек, Ўзбекистон – ҳуқуқий, демократик, дунёвий давлат. Халқнинг эркинликлари, ҳақ-ҳуқуқларини ўрганиш ва таъминлаш учун, давлат – яъни ҳокимият, Вазирлар Маҳкамаси қошида Дин ишлари қўмитасини тузган.

Қўмитанинг асосий вазифаси – Ўзбекистон Конституциясида айтилган виждоний ва диний эркинликларни таъминлаш! Қолаверса, инсонларнинг қонун олдидаги тенглигини таъминлаш ҳисобланади. Яъни, қўмита – инсонларни диний ва виждоний қарашларини чеклаш эмас, ҳимоя қилиш, таъминлаш мақсадида тузилади.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, давлат – дунёвий. Дунёвий дегани – бу инсонларнинг диний эркинлигини чеклаш дегани эмас. Мутлақ аксинча, инсонларни виждоний ва диний эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун олдидаги тенглигини таъминлаш ҳисобланади.

Унда нима учун давлат “дунёвий” бўлиши керак? “Дунёвий давлат”, яъни, “дунёвий ҳукумат” дегани – инсонларнинг виждоний ва диний эркинликларини максимал таъминлаш мақсадида, ҳокимиятнинг, ҳукуматнинг, давлат мулозимлари ва институтларининг имкон қадар нейтрал бўлиб, холис бўлишига айтилади.

Инсонлар ҳеч қачон диний қарашларда бир хил бўлмайди. Кимдир ўта диндор, кимдир атеист еки агностик. Қолаверса, диндорларнинг ҳам диндорлик даражалари ҳар хил бўлади. Инсонлар ўртасида, виждоний ва диний қарашларда тўқнашув бўлиши – табиий ҳолат.

Шунинг учун, давлат – яъни ҳокимият, инсонларнинг виждоний ва диний эркинликларининг посбони бўлиши керак, уларнинг эрки ва қонун олдидаги тенглигини таъминлаши керак.

Бунинг учун эса, давлат мулозимлари ва институтлари тарафкашлик қилмаслиги, тўқнашувлар бўлганда ким кимга тажовуз қилганини ёки зиддиятлар бўлганда, томонларнинг эркини таъминлаган ҳолда ажратиб қўйиши керак бўлади.

Дунё давлатларида материалларни экспертиза қилиш қандай? Ҳуқуқий-демократик давлатларда, нашриётлар ва ОАВ – эркин. Улар ўз масъулиятларидан келиб чиқиб, материалларни чиқариш-чиқармасликни ўзлари ҳал қилишади.