Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи 18 май куни Хитой раиси Си Жинпинг билан музокаралардан бошланди. Учрашув икки мамлакат делегациялари иштирокида, Сиан шаҳридаги “Шэньси” қароргоҳида ўтди.
Си Жинпинг Шавкат Мирзиёевни конституцион референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади, бўлажак президент сайловида муваффақият тилади. Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбарини муҳим сиёсий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани ҳамда олий давлат лавозимларига қайта сайлангани билан табриклади.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг янги даврида долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани, барча даражалардаги ўзаро алоқалар жадал тус олгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани ва муҳим масалаларда томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани қайд этилди.
Камбағалликни қисқартириш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги, ердан фойдаланиш, кичик ва ўрта бизнес, инфратузилмани модернизация қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва профессионал таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда самарали тажриба алмашиш ва амалий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу, энг аввало, замонавий саноат қувватларини барпо этиш, инвестициявий ва юқори технологик корхоналарни ташкил этиш борасидаги қўшма лойиҳаларни назарда тутади.

Куни кеча ўтказилган бизнес-форум якунида умумий қиймати 25 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди ва келишувларга эришилди.
Муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича қуёш, шамол ва сув электр станцияларини барпо этиш, қуёш панеллари, электр ускуналар, трансформаторлар, аккумуляторлар ишлаб чиқариш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва мутахассисларни тайёрлаш борасидаги лойиҳалардан иборат инвестициявий-технологик ҳамкорлик дастурини амалга оширишга эътибор қаратилган.
Янги авлод автомобилларини ишлаб чиқариш соҳасидаги кооперацияни кенгайтириш – электр ва гибрид автотранспорт воситаларини йиғиш бўйича замонавий заводларни ишга тушириш имкониятлари муҳокама қилинди.

















