Марказий Осиёнинг беш давлати ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллиги муносабати билан қўшма баёнот билан чиқди.

Мазкур ҳужжат 2006 йил 8 сентябрда Семипалатинск шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилган Семипалатинск шартномасини ёд этиш мақсадида қабул қилинди.

Вазирлар ядро қуролидан холи дунёни барпо этишга содиқ эканлигини билдириб, ядро қуролининг ҳар қандай қўлланилиши ёки синовдан ўтказилиши ҳалокатли гуманитар оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Баёнотда Семипалатинск шартномаси ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ва ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатлар учун муҳим восита бўлиб қолаётгани қайд этилган.

Марказий Осиё Шимолий яримшардаги ягона ядросиз минтақа бўлиб қолмоқда

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, ядро қуролидан холи ҳудуднинг ташкил этилиши минтақа мамлакатларининг халқаро хавфсизлик соҳасидаги энг муҳим қадамларидан бири бўлган.

ТИВ раҳбарлари Семипалатинск шартномаси тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштира олган беш давлат ҳамкорлигининг ноёб намунаси эканини таъкидлади.

Марказий Осиё ҳудуди Шимолий яримшарда тўлиқ жойлашган ва иккита ядровий давлат билан чегарадош бўлган биринчи ва ягона ядросиз зонага айланди. Ўтмишда ядровий синовлар ва қуролларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлган минтақа бугунги кунда ядровий қуролсизланиш бўйича глобал ташаббуслар иштирокчисидир.

Баёнотда Семипалатинск ядро полигонининг ёпилишига, шунингдек, бутун дунё бўйлаб ядровий синовлар қурбонлари хотирасини асраш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Семипалатинск ядро полигони 1948 йилда Қозоғистон ҳудудида биринчи совет ядро қуролини синовдан ўтказиш учун ташкил этилган. Тахминан 18,5 минг км² майдонни эгаллаган полигон Шарқий Қозоғистон, Қарағанда ва Павлодар вилоятлари ҳудудида жойлашган. 1949 йилдан 1989 йилгача бу ерда 456 та ядро синови, жумладан, 116 та атмосфера ва 340 та ер ости портлаши ўтказилган.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, синовлар оқибатлари 1,5 миллиондан ортиқ одамнинг саломатлигига таъсир кўрсатган. Полигондаги сўнгги портлаш 1989 йил 19 октябрда содир бўлган, 1991 йил 29 августда эса Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан объект бутунлай ёпилган.