Белград шаҳридаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Сербиянинг олий давлат мукофоти – Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон раҳбарига ушбу орденни Сербия президенти Александр Вучич топширди.

Давлат раҳбари юксак мукофот учун чуқур миннатдорлик билдириб, уни Сербия халқининг Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмати, мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қатъий интилиш рамзи деб билишини таъкидлади.

Сербия Республикаси ордени хорижий давлатларнинг таниқли арбобларига халқлар ўртасида тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда республика билан дўстона алоқаларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.