Тошкент шаҳрида 13-18 май кунлари Uzbekistan Fashion Week – 2023 (Ўзбекистон мода ҳафталиги – 2023) тадбири бўлиб ўтди. Ҳафталик дизайнер Дилноза Умрзоқова ташкилотчилиги асосида ўтган. Kun.uz мухбири у билан суҳбатлашиб, намойиш мақсади ва подиумда олиб чиқилган либослар ҳақида батафсил маълумот олди.

Намойишда 300 дан ортиқ коллекциялар ҳужжати топширилган ва шундан 35 нафар дизайнер 500 га яқин либослари билан подиумда иштирок этган. Дизайнерлар асосан ўзбекистонликлар бўлиб, яна бир қанча қозоғистонлик ва марокашлик Ифраҳ Артси таклиф этилган. Либосларнинг аксар қисми миллий матолардан тикилган. Модалар ичида одатда аёлларга мўлжалланган либосларни эркаклар кийиб чиққани жамоатчилик эътиборини тортди ва турли платформаларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Журналист Фотима Жўраева либослар «менталитетга ётлиги»ни айтиб, «буларнинг кириб келишига йўл қўймаслик кераклиги»ни ёзган. Facebook’даги айрим фойдаланувчилар эса «либосларда бир жинслилик маданияти тарғиб қилинган» деган хулосага борган бўлса, яна бири «Ўзбекистон олган қарзлари бадалини шундай тўлаяпти», деган маънода пост қолдирган.

Мавзу Twitter фойдаланувчилари томонидан ҳам муҳокама қилинди. Фойдаланувчилардан бири модалар ҳафталиги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилганини айтиб, твит ёзган. Унга жавобан агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаев ҳафталикнинг ташкилотга алоқаси йўқлигини билдирган.

Бундан ташқари, агентлик матбуот хизмати воқеага расмий муносабат ҳам билдирди. Унда айтилишича, тадбир бир қатор ташаббускорлар ва хусусий сектор вакиллари томонидан ташкил этилган ва ижтимоий тармоқларда агентлик лойиҳаси сифатида хато кўрсатилган.