Журналистик суриштирув коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (Organised Crime and Corruption Reporting Project) — OCCRP сайтида эълон қилинди.

Суриштирувнинг асосий хулосалари

Савдо статистикаси 2022 йил аввалида Россиянинг Украинага кенг миқёсдаги босқинидан сўнг Қозоғистонга дронлар ва микроэлектроника импорти ҳажми ўсганини кўрсатмоқда. Қозоғистондан Россияга дронлар ва микроэлектроника экспорти ҳам сезиларли тарзда ўсган.

Урушдан кейин руслар томонидан тузилган Қозоғистон компанияларидан бу импорт учун воситачи сифатида фойдаланилмоқда.

«Aspan Arba» («Самовий арава») номи остида рўйхатдан ўтган компания дронларни импорт қилиб, уларни Россиядаги «Небесная механика» компаниясига экспорт қилган, у эса ўз навбатида дронларни ҳарбий ташкилотларга сотган. Бу икки компаниянинг эгаси битта.

Рус эр-хотинга тегишли немис компанияси микрочипларни уруш бошланганидан кўп ўтмасдан уларнинг ўғли номига очилган Қозоғистон компаниясига жўнатиб турган. Ўғил чипларни Россияга жўнатган.

* * *

Ҳа, дронлар Россия – Украина урушида кенг фойдаланиладиган қуролга айланди. Тадқиқотчилардан бири томонидан тузилган маълумотлар базаси Россия қўшинлари томонидан пилотсиз учар қурилмалардан фойдаланишнинг ўнлаб мисолларига эга. Уларнинг аксарияти эркин савдода бўлган енгил моделлар бўлиб, разедка, артиллерия қуроллари мўлжалини аниқлаб бериш, пропаганда роликлари ишлашда фойдаланилади. Уларнинг кўпчилиги хорижда ишлаб чиқарилган.

2022 йилнинг октябрида Киев марказида пилотсиз учар қурилма зарбасидан зиён кўрган уй.
Фото: Zuma Press/Alamy Stock Photo

Назарий жиҳатдан Россияга пилотсиз учар қурилмалар импорти Ғарб санкциялари билан ёпилган бўлиши керак эди. Бироқ, амалда унга эга бўлиш имкониятлари очиқлигича қолмоқда. Бу нафақат дронларга тааллуқли. Ракеталардан тортиб, минасизлаштириш учун фойдаланиладиган роботларда ишлатиладиган такомиллашган микрочиплар ҳам Россияга хориждан кириб келишда давом этмоқда.