15:25 / 22.05.2023
7078

Алексей Навалний 16-марта жазо изоляторига юборилди

Сиёсатчининг ЖИЗОга бундан олдин жойлаштирилгани ҳақида яқинда - 11 май куни хабар берилган эди. Навалний ўтган ёз ўрталаридан бери колонияда. 

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP Photo/picture alliance

Россиялик таниқли мухолифатчи, сиёсатчи, Владимир вилояти Мелехово қишлоғидаги 6-сонли қаттиқ тартибли колонияда («ИК-6») жазо муддатини ўтаётган Алексей Навалний яна жазо изоляторига жўнатилди, деб хабар берди сиёсатчининг тарафдори Иван Жданов 22 май, душанба куни Twitter’даги микроблогида. «Навалний яна 15 кунга ЖИЗОга юборилди. Бугун соат 9:30 да комиссия бўлди. Ҳозирча бошқа тафсилотлар йўқ», деб ёзди Жданов. 

Навалний «ИК-6»даги жазо камерасига 16-марта жўнатилди. Сиёсатчи ўтган ёзнинг ўрталаридан бери ушбу колонияда сақланмоқда. Илгари Навалнийни ЖИЗОга жойлаштириш учун «ёқадаги тугмани ечиб қўйиш» ёки «ўз вақтида ювинмаслик» каби сабаблар кўрсатилган. 

Навалний охирги марта 11 май куни ЖИЗОга жойлаштирилгани ҳақида эълон қилган эди. «Маҳкум Навалний тарбиявий ишлар тартибига амал қилмаяпти ва ўзи учун тўғри хулоса чиқармаяпти». Шу тариқа, менинг жазо изоляторим бўйича кўрсаткич 165 суткага етди», деб ёзган эди у ўша пайтда. 

Январь ойида Берлинда, Россия элчихонаси биноси қаршисида Навалний юборилаётган ЖИЗО камерасининг нусхаси ўрнатилди. Объектни мухолифатчининг укаси Олег Навалний ва сиёсатчининг тарафдори Леонид Волков тақдим этган. Ўшанда Волков ЖИЗО камерасининг нусхаси бошқа Европа давлатларида ҳам вақтинча ўрнатилишини айтганди. 

Top