23 май куни, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйлардан биридан, балконда осилиб турган Украина байроғи ечиб олинган. Хонадон 8-қаватда жойлашган бўлган. Байроқ эса, балконнинг ички қисмида илинган бўлган.
Бу вақтда уй эгаси Режеп Латипов оиласи билан Туркияда дам олишда бўлган. Ички ишлар ходимлари хонадон эгасига телефон қилиб, ундан “Украина фуқаросимисиз?” деб сўраган. “Йўқ, Ўзбекистон фуқаросиман” деган жавоб олингач, унинг балконидаги илиниб турган Украина байроғи олиб ташланишини айтишган.
Бир қарашда, кимнингдир балконидан бошқа давлатнинг байроғи ечиб олиниши – кичик ишдек кўриниши мумкин. Лекин, аслида, бу Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати учун, жиддий масала.
Аввало, ички ишлар ходимлари томонидан, махсус техника ёрдамида, Латипов хонадонидан Украина байроғи олиб ташланиши, тескари эффект берди. Украина байроғи реклама қилинди. Жамият кўплаб саволлар берди. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар “бу иш қонунийми?” “наҳотки Россиядан қўрқиш шу даражада бўлса?!” деган фикрлар билдиришди.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фақат Ўзбекистон байроғига нисбатан муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган. Бошқа давлатларнинг байроқларига ўзбекистонликларнинг муносабати, на салбий, на ижобий шаклда, регламентга солинмаган. Демак, қонунга кўра, бирон ўзбекистонликнинг бошқа давлат байроғини ўз уйига илиб қўйиши – ҳуқуқбузарлик эмас.
Украина–Россия урушида Ўзбекистон ўзининг нейтраллигини таъкидлаб келади. Лекин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Сенати ва бошқа давлат органлари ҳамда мулозимларининг шу пайтгача берилган баёнотларидан билиш мумкинки, Ўзбекистоннинг бетарафлиги – бефарқлик эмас.
Яъни, Ўзбекистон ўзининг бетарафлигини билдирар экан, ушбу бетарафлик замирида давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги каби қадриятларни кўришини айтиб келади. Бу билан, Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини урғуловчи нейтралликда туради. Нейтралликдан мақсад эса – Ўзбекистонни ушбу урушга, можарога тортишларига имкон бермаслик.
Муҳим нуқта, Украина–Россия урушида назарда тутиладиган “нейтраллик” – бу давлатнинг позицияси. Яъни ҳукуматнинг, ҳокимиятнинг позицияси. Лекин, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига кўра, халқ, жамият эркин бўлиши, ҳокимият мана шу эркинликни таъминлаши керак.
Нейтраллик халққа нисбатан жорий қилиниши мумкин эмас. Оддий одамлардан “урушда ҳеч кимнинг тарафида турманг!” дейиш ғалати бўлади. Буни талаб қилиш ва таъминлаш – давлатнинг ҳуқуқий эмаслигини билдиради, одамлардан эркин фикрлаш ва қадриятларини ифода қилиш ҳуқуқини олиб қўйганини англатади.

















