«НЛМК»нинг асосий эгаси, миллиардер Владимир Лисин Абу-Дабида иккита компания - Serenity II Holdings ва Nebula II Holdings’ни рўйхатдан ўтказди, деб ёзади БАА реестридан маълумотларни ўқиб чиққан Bloomberg. Иккала ҳолатда ҳам гап SPV - (инглизчада - special purpose vehicle) - маълум бир лойиҳа учун яратилган махсус мақсадли компаниялар ҳақида кетяпти.
Компаниялар Abu Dhabi Global Market (ADGM) эркин иқтисодий зонасида рўйхатдан ўтган. Агентлик таъкидлашича, жорий йил бошида Лисин ADGM’да тўртта юридик шахсни рўйхатдан ўтказган эди. Компаниялар нима билан шуғулланиши ҳозирча аниқ эмас, деб ёзади Bloomberg.
Агентлик боғланган Лисин ва ADGM вакиллари изоҳ беришдан бош тортдилар.
Шу тариқа, Лисин ADGM’да компаниялар ва уларнинг филиалларини очаётган глобал «молиявий элита»га қўшилди, деб ёзади Bloomberg. Амирликларда ишбилармонларни паст солиқлар, яхши халқаро алоқалар ва фаровон турмуш тарзи жалб қилади. Жорий йилнинг бошида БАА ADGM’ни 10 баробар кенгайтириш ва уни дунёдаги энг йирик иқтисодий зоналардан бирига айлантиришни режалаштираётганини билдирди.

















