Ўзбек ўқирманларига таниш бўлган таниқли ёзувчи Оскар Уайлд қаламига мансуб «Дориан Грейнинг портрети» асарига чизгилар тортиб кўришга ҳаракат қиламиз. Асар ҳақида гапиришдан олдин ижодкор руҳиятига бир назар ташлаб олсак, зарар қилмайди.
Оскар Уайлд – Дублиннинг тизгинсиз шоири
Яхши ёзувчилар икки хил бўлади: туғма ва файласуф. Оскар Уайлд иккинчи турга мансуб ижодкор. 1854 йили Дублинда туғилган Оскар жўшқин истеъдод, қайноқ характер соҳиби эди. Ўз даврида ахлоқсизликда айбланиб, икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Мана шу даврдаги тушкунлик, руҳий изтироблар унинг «Рединг қамоқхонаси балладаси» (1898) асарида тасвирланган.
Ижодкорларга нисбат берилганда одатда уларнинг шахсияти ва ижоди ҳамиша ҳам мутаносиб келавермаслигига гувоҳ бўламиз. Мана шу номутаносибликни Оскар Уайлд ўз қаҳрамони рассом Безил Холлуард тилидан айтилган қуйидаги жумла билан изоҳлашга уринади:
«Санъаткорнинг туйғулари унинг асарларида акс этмайдигандек бўлади. Санъат биз ўйлагандан кўра мавҳумроқ нарса. Менинг миямга тез-тез бир фикр келиб туради – санъат ўзида санъаткорни ошкор этишдан кўра кўпроқ даражада уни яширади».
Бу иддаога кўра санъаткор ва санъат айро-айро тушунчалар. Бирининг ҳислари иккинчисида мутлақо аксланмаслиги мумкин. Бироқ бу ҳам олий ҳақиқат эмас, боиси Оскарнинг «мангу руҳи» лорд Генри тимсолида замонлар оша яшаб келмоқда.
Ёзувчи айнан шу қаҳрамонига ўз сезимларини юқтира олган. Ижодкорнинг нозик, шу билан бирга зиддиятли шахсиятини унинг нафис шеъриятида, ғаройиб эртакларида, ўйга толдирувчи драмаларида ҳамда ларзага келтирувчи романида учратиш мумкин.
Хўш, асар нима ҳақида?
Буни муаллифнинг ўзи ҳам романнинг бир неча жойида очиқлайди ва сирли портрет аслида рамз эканлигини у инсоннинг қалби ёхуд виждони ўлароқ тасвирланишини айтади. Мен бунга шундай таъриф бердим: асар тамомила қалбини Иблисга сотган қалбсиз инсоннинг қалб қийноқлари ҳақида.
Қалбсиз инсонда қандай қалб қийноқлари бўлиши мумкин? Нарцисс Дориан қандай азоб исканжасида қолди? Наҳот шунча ёвузликлардан сўнг ҳам унда бироз бўлса-да виждон қолган-у, мана шу заиф зарра уни махфий хонага бошлаб ўз суратига тикилишга мажбурлай олса? Бундай «олийжаноблик»ни кўрган ўқувчи беихтиёр Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони»ни ёдга олиши тайин.















