
Libkos / AP / Scanpix / LETA
6 июн тонгида Херсон областининг Нова Каховка шаҳри яқинида (Россия томонидан оккупация қилинган) Каховка ГЭС тўғони бузилиб кетди — Каховка сув омборидаги сув Днипронинг қуйи оқимига назоратсиз қуйила бошланди.
Шаҳарнинг Кремл томонидан тайинланган «мэри» Владимир Леонтьев аввалига тўғон вайрон бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди, аммо кейин унинг маъмурияти гўёки Украина қуролли кучлари томонидан йўлланган тунги зарбалар оқибатида станциянинг бир қисми вайрон бўлганини тасдиқлади. Леонтьев ҳам, Украинанинг «Укргидроэнерго» компанияси ҳам Каховка ГЭСни тиклаб бўлмаслигини маълум қилган.
Киев ҳодисада Россияни айблади: Володимир Зеленский келтирган версияга кўра, «конструкция ичкаридан портлатилган». Россия томони ГЭС вайрон бўлиши «Украина томонининг қасддан содир этилган диверсияси» оқибати бўлиб, бундан мақсад — Қримни сувдан маҳрум этиш эканини маълум қилди. Владимир Леонтьев Қримга сув етказишда муаммо бўлмаслигини, Қримнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксенов — Қримдаги «сув омбори авваллари 15-20 фоизга тўлдирилган бўлса, айни вақтда 80 фоизга тўлган ҳолатда» эканини айтди. Шу билан бирга, у Шимолий Қрим канали қуриб қолиши хавфи мавжудлигини қайд этди.
ГЭСдан тахминан беш километр жанубда жойлашган Нова Каховка шаҳри амалда сув остида қолди — Владимир Леонтьевга кўра, шаҳарда сув сатҳи 10-12 метрга кўтарилган. Шунингдек РФ оккупацияси остидаги, Нова Каховкадан тахминан 60 километр масофадаги Олешки шаҳри бутунлай сув остида қолган. Шунингдек, яна бир қанча шаҳар ва қишлоқларни қисман сув босган




































