Украина президенти Володимир Зеленский 15 сентябр куни Олий Рада кун тартибига давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун зарур бўлган еттита қонун лойиҳаси киритилганини маълум қилди. Уларнинг аксарияти биринчи ўқишда кўриб чиқилади.

Зеленскийнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Украинанинг халқаро ҳамкорларидан молиявий ёрдам олиши билан боғлиқ. У ижобий овоз беришлар мамлакатга миллиардлаб доллар маблағ жалб қилиш имконини беришини айтган.

Президент айрим ташаббуслар «қийин, ёқимсиз ва оммабоп бўлмаслиги» мумкинлигини тан олган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда бундай қарорлар мудофаа эҳтиёжларини таъминлаш ва мамлакатнинг тикланиш имкониятларини сақлаб қолиш учун зарур.

Украина Олий Радаси расмий маълумотига кўра, мамлакат бюджети хавфсизлик ва мудофаа харажатларини молиялаштиришда қарийб 23 млрд евро миқдоридаги тақчилликка дуч келган.

Тақчилликни қоплашнинг асосий йўллари сифатида ҳамкор давлатлардан қурол-яроғ кўринишида тўғридан тўғри ёрдам олиш ва халқаро молиявий кўмакни жалб қилиш кўриб чиқилмоқда.

Рада маълумотларига кўра, Украинанинг халқаро мажбуриятлари билан боғлиқ қонун лойиҳалари парламент томонидан қўллаб-қувватланса, мамлакат яқин вақт ичида 12 млрд доллардан ортиқ маблағ олиши мумкин.

Зеленский август ойида Украина Мудофаа вазирлиги бюджети тақчиллигини 27 млрд доллар — 23 млрд евродан ортиқ миқдорда баҳолаганди. Киев бу маблағларни ҳарбий хизматчилар ва ижтимоий тўловлар, қурол-яроғ хариди ҳамда бошқа мудофаа эҳтиёжларини молиялаштириш учун жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.