Ўзбекистонда болалар адабиёти «кома»да экани айтиб келинмоқда. Болалар ёзувчиси ва психологи Муаззам Иброҳимова Kun.uz билан суҳбатда Туркия 20 йил олдин бу муаммони қандай ҳал қилгани ҳақида гапирди.
«20 йилча олдин Туркияда миллат умуман китоб ўқимай қўйган. Шундан кейин ҳукумат болалар ноширлари ва адибларини йиғиб, ушбу муаммони ечиш масаласини ўртага ташлаган. Ҳукумат вакиллари миллатнинг саводсиз бўлиб кетаётганидан қайғуриб, буни ҳал қилиш йўлларини излаган. Бу муаммоларни ҳал қилиш, болалар нашрлари, нашриётлари ва болалар адибларини рағбатлантириш учун Туркия ҳукумати жуда катта маблағ ажратган. Ҳозир ҳам худди шундай. Агар болалар адиби яхши китоб ёзган бўлса, албатта, рағбатлантирилади. Ўша китобни нашр қилган нашриётга ҳам маълум даражада маблағ берилади. Шу китобни сот, сотолмасанг бўлди, деган гап йўқ. Китобни бола ўқиб ҳазм қилиб, ўқиб яхши кўриб ўргангунигача нашриётлар қўллаб-қувватлаб турилади, кутилади», – дейди Иброҳимова.
Унинг таққослашича, Ўзбекистонда бу ҳолат тескари ишлайди — нашриётлар битта китоб сотилмагунча бошқа китобларни нашр қилишга қийналади.
«Бўёғига пул керак, яна бошқа харажатлари бор. Типографияларда қоғоз муаммоси бор. Чиқарган китобини сотиб, сарфлаган пули ўзига қайтгунча нашриётнинг ҳисобида пул бўлиб туриши керак», — дейди у.
Муаззам Иброҳимова муаммоларни ҳал қилиш учун нашриётларга ҳеч бўлмаса, ўта паст фоизларда имтиёзли маблағлар берилиши ёки қайтариб бериш шарти бўлмаган грантлар ажратилиши кераклигини айтади.
Ёзувчи Туркияда болалар китобларини нашрга тайёрлаш жараёни ҳам узоқ ва синчковлик билан давом этиши ҳақида гапирди.
“Туркияда шунақа нашриётларни кўрдим, яъни ёзувчи китобни ёзади ва уни ҳали нашрга бермасдан олдин 2та гуруҳга тарқатади. Биттаси болалар адиблари гуруҳи, яна биттаси болалар гуруҳи. Болалар гуруҳида ўша китоб мўлжалланган болалар бўлади. Болалар адиблари гуруҳи китобни нашрдан олдин кўриб чиқиб, ҳамма камчиликлари ва ютуқларини айтишади. Кейин болалар гуруҳидан ҳам фикр олинади. Масалан, болалар қайсидир ранглар уларни чарчатаётгани ёки мен бу ишни қилмаган бўлардим деса, ёзувчи буни инобатга олади. Демак, мен бола руҳиятини тушунмабман деб ўйлаб кўради. Ва ҳамма камчиликлар тузатилганидан кейин, ўша китоб нашр қилинади. Шунинг учун ранглари ҳам чиройли, мавзулари ҳам ранг-баранг. Шу сабаб Туркияга борсам, ортиқча юк бўлса ҳам, нархлари қанча бўлишидан қатъи назар кўзимни чирт юмиб сотиб олиб келаман
















