10:42 / 15.06.2023
17565

Тошкентда ҳимоя ордери тартибини бузган ва безорилик қилган АҚШ фуқароси жаримага тортилди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 27 май куни Тошкент шаҳридаги савдо марказларидан бирида 61 ёшли АҚШ фуқароси бирга яшовчи аёл билан жанжаллашиб, ҳақоратлаб, унга пакетлар улоқтира бошлаган.

Nemolchi.uz лойиҳаси вакилларининг сўзларига кўра, бу у томонидан содир этилаётган биринчи тажовуз эмас. Жабрланувчи аввалроқ ҳимоя ордерини олган.

9 июнь куни видео-конференц-алоқа орқали очиқ суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди АҚШ фуқаросини ҳимоя ордери талабларини бузганликда ва майда безориликда айбдор деб топди. 

Судья айбланувчининг ёши, оилавий аҳволи, шунингдек, моддий аҳволини инобатга олиб, унга нисбатан жарима солишни мақсадга мувофиқ деб топди: 

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича 990 минг сўм; 

- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддаси бўйича (безорилик ва (ёки) зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик) - 330 минг сўм.

Суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир нечта ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) билан айбланувчига иккита ҳуқуқбузарлик учун жами 990 000 сўм миқдорида жарима солинган. 

Top