Ўзбекистон | 17:07 / 18.06.2023
26492
14 дақиқада ўқилади

Пасайган божлар, газ шартномаси ва Каримов меросига даъво — ҳафта дайжести

Бир пайтлар Россияни газ билан таъминлаган Ўзбекистон энди у ердан газ сотиб олади. Айрим автомобилларга божлар вақтинча бўлса-да, ниҳоят пасайтирилди. Швейцария банки Ўзбекистонни порахўрлик авж олган давлатлар рўйхатига қўшди. Якунланаётган ҳафтанинг ва шу бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Двигател ҳажми 1 литргача бўлган автомобиллар учун божлар бекор қилинди

Сайлов арафасида, хориждан автомобил олиб кириш учун белгиланган божхона тўловлари камайтирилди. Бу сафарги пасайтириш энг арзон сегментдаги автомобилларга қаратилгани эътиборли. Чунки шу пайтгача божларнинг пасайтирилиши кўпинча бюджет бўлмаган моделларга тааллуқли бўлар, натижада аксарият истеъмолчилар бирор ўзгаришни сезмасди.

Бу сафар эса ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автомобиллар учун божхона божи тўлиқ бекор қилинди. Бунга қадар бундай автомобиллар учун 15 фоиз ва унга қўшимча ҳар бир куб см учун 40 центдан бож тўланарди. Шунингдек, янги қарор билан, двигателининг ишчи ҳажми 1000 см кубдан 1200 см кубгача бўлган автомобиллар учун 15 фоизлик бож 5 фоизга туширилди, қўшимча коэффициентлар эса бекор қилинди.

Натижада двигател ҳажми 1 000 см кубгача бўлган автомобиллар учун божхона тўловларининг жами миқдори ўртача 41 фоиздан тахминан 21 фоизга камаяди. Яъни 10 минг долларлик автомобилни божхонадан ўтказиш харажати аввал 4 минг доллар бўлган бўлса, энди 2 минг долларга тушади. Эслатиб ўтамиз, бож ноллаштирилгани билан, 12 фоизлик ҚҚС ва 850 доллар атрофидаги утилизация йиғими сақланиб қолмоқда.

Двигатели 1000–1200 см куб сиғимли автомобилларни олиб кириш харажатлари эса ўртача 48 фоиздан тахминан 33 фоизга камайяпти. Мисол сифатида айтсак, энди 20 минг долларлик автомобилни олиб кириш учун божхонада аввалгидек 10 минг доллар эмас, 7 минг доллар тўлаш керак.

Двигателининг сиғими 1 литрдан ошмайдиган автомобиллар кўпинча шаҳар шароитида ҳайдаш учун мўлжалланган арзон ҳетчбеклар бўлиб, кам бензин сарфлайди. Мисол учун, Matiz 0,8 литрли двигател билан, унинг Best комплектацияси эса 1 литрли двигател билан жиҳозланган. Таққослаш учун, Chevrolet Spark охирги йилларда 1,25 литр ҳажмли двигател билан ишлаб чиқарилаётган эди.

1,2 литр ҳажмдаги двигателлар эса ёқилғи-тежамкор седанларда учрайди. UzAuto Motors ишлаб чиқараётган Chevrolet Onix ва Tracker автомобилларининг атмосферали ва турбо двигателлари сиғими айнан шунча. Хитойда эса Onix'нинг 1 литр ишчи ҳажмга эга турбо двигател билан жиҳозланган варианти ҳам ишлаб чиқарилади.

Божларнинг пасайтирилиши ички бозорда қанақа янги таклифларни юзага келтиришини вақт кўрсатади. Бюджетбоп вариантлар пайдо бўлишини кутаётганлар нотариф тўсиқларни унутмаслиги керак. Чунки сертификация билан боғлиқ мураккабликлар айнан янги моделларни олиб кириш харажатларини ошириши мумкин. Қолаверса, якуний нарх ичидан божхона тўловларидан ташқари логистика харажатлари ва дилернинг хизмат ҳақи ҳам ўрин олади.

Шуниси аҳамиятлики, двигател ҳажми 1000-1200 см куб оралиқда бўлган автомобиллар ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасида алоҳида ажратилмаган эди. Яъни шу пайтгача двигатели 1000 кубдан 1500 кубгача бўлган автомобиллар битта товар позицияси сифатида ҳисоблаб келинган. Божларнинг пасайиши ана шу позицияни тўлиқ қамраб олганида эди, “растаможка очилди” деб бемалол айтсак бўларди. Чунки жаҳонда ишлаб чиқариладиган бюджет автомобилларининг катта қисми айнан 1300-1500 см куб сиғимли двигател билан жиҳозланган. Бундай автомобиллар учун эса амалда 15 фоиз ва ҳар бир см куб учун 60 центдан бож тўлови сақланиб қоляпти.

Аниқлик киритиб айтиш керакки, энг арзон автомобиллар учун божхона божларининг пасайиши ҳам вақтинчалик. Пасайтирилган ставкалар 2,5 йил давомида амалда бўлади. 2026 йил 1 январдан бошлаб божлар яна кўтарилиши мумкин.

Сайлов арафасидаги бошқа янгиликлар

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида сайлов кампаниясини ўтказиш учун Қорақалпоғистон, Хоразм, Андижон ва Наманган вилоятларига борди. Сайловчилар билан учрашувларда бир қатор янгиликлар эълон қилинди.

Президентнинг сўзларига кўра, талаба хотин-қизлар учун солиқ имтиёзи кенгайтирилади. Эндиликда исталган фуқаро ОТМда ўқиётган хотин-қизларнинг контрактини тўлаб берса, бунинг учун даромад солиғидан озод этилади. Яъни бу имтиёз фақат талабаларнинг ота-онаси ёки эрига нисбатан қўлланиши ҳақидаги қоида бекор қилинади. Шунингдек, хорижда ўқиётган ёшларнинг ўқишини Ўзбекистондаги олийгоҳларга грант асосида кўчиришга рухсат берилади.

Асосий янгиликлардан яна бири – “Очиқ бюджет”га ажратиладиган маблағлар 3 баробарга оширилади ва унда ғолиб чиқиш учун 1,5 мингта овоз тўплаш етарли бўлади. Президент, шунингдек, аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича ҳисобланган 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилишини айтди. 14 июн куни имзоланган қарор билан, ердан ҳужжатсиз фойдаланаётган фуқароларга ер солиғини 3 карра оширилган ставкада солиқ ҳисоблаш 1 йилга тўхтатилди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ташқи савдо билан шуғулланувчиларга ҳам солиқ қарзлиги, пеня ва жарималар бўйича енгилликлар берилди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистонга тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилганидан кейин, Тошкентдан Нукусга етиб бориш вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради. Шунингдек, йил охиригача “Тошкент-Андижон” пулли автомобил йўлини қуриш ишлари бошланади. Йўл Жаҳон банки кўмагида қуриб битирилгач, Андижондан Тошкентга келиш вақти ҳозирги 5 соатдан 3 соатгача қисқариши айтилди. Бундан ташқари, водий аҳолиси учун “Андижон–Фарғона–Қўқон–Наманган–Андижон” темирйўл ҳалқаси бўйлаб 4 та электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади.

Президентликка номзод Наманганда исломий молия хизматларига кенг йўл очиб берилиши, ҚҚСни қайтариш шартлари 15 тадан 5 тага қисқартирилиши, 107 та давлат хизмати бўйича тўловлар миқдори 2 баравар камайтирилишини ҳам айтиб ўтди.

Россиядан газ харид қилиш бўйича шартнома имзоланди

Қишдаги энергия коллапси сабаб метан-шохобчалар бир неча ойга ёпилганидан кейин, ўтган ойларда Ўзбекистоннинг Россиядан бензин импорти икки баробарга кўпайган эди. Ўшандаги энергокризиснинг яна бир оқибати 16 июн куни расмийлаштирилди: Ўзбекистон ва Россия газ масаласидаги музокараларни якунлаб, тегишли шартномани имзолади.

Шартномага кўра, Россия газини Ўзбекистонга экспорт қилиш 2023 йилнинг 4-чорагидан бошланади. Битимга Ўзбекистон томонидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” раиси Алексей Миллер имзо чекди. Яна бир ҳужжат билан Ўзбекистоннинг газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Ҳужжатларни имзолаш тадбирида изоҳланмаган сабабларга кўра Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам иштирок этди.

Газ бўйича бошқа келишувлар каби, бу шартнома шартлари ҳам очиқлангани йўқ. Россия гази қанча нархда, қанча миқдорда, қайси муддатларда сотиб олиниши, Ўзбекистон ўз бўйнига қанақа мажбуриятлар олаётгани маълум эмас. Худди шундай, Ўзбекистон ўз газини Хитойга қанча нархда сотаётгани ҳам сир тутилади. Бу икки маълумотнинг очиқланиши ҳар бир ўзбекистонликка рақамларни таққослаш имконини берган бўлар эди.

Масаланинг бошқа жиҳати – энергетикадаги жиддий муаммолар фонида, ечим сифатида барибир Россияга мурожаат қилингани бўлди. Газ юқори даражада сиёсийлашган товар экани, Кремл ундан доимий равишда қурол сифатида фойдаланишини инобатга олсак, энергетика инқирозининг сабабчилари келтирган оғир оқибатлар миқёси қай даражада экани маълум бўлади. Шу тариқа, узоқ йиллар давом этган норационал иқтисодий ва энергетик сиёсат охир-оқибат газга бой мамлакатни агрессор давлатнинг газига муҳтож даражага олиб тушди.

Қачондир очиқ бозор ва эркин нархларга ўтилиши бу боғлиқлик ортиб бориши, ҳатто қарамлик даражасига етишининг олдини олар балки, лекин тўғри амалга оширилган энергетика ислоҳоти билан ҳам бу боғлиқликни ечиш учун қанча йиллар керак бўлиши – саволли масала.

Бу сиёсий масалалар фонида, бу ҳафта ҳам пойтахтнинг қатор ҳудудларида электр ўчирилмаган кун бўлмади ҳисоб. 12 июн куни бош вазир Абдулла Арипов йиғилиш ўтказиб, Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонасига янги директор тайинлади. Бу лавозимни Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов эгаллади. “Ҳудудий электр тармоқлари” компанияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига эса Қуролли Кучлар Бош штабининг алоқа маркази бошлиғи Аъзам Избосаров тайинланди.

Каримовлар оиласи яна диққат марказида

Ҳафта давомида биринчи президент Ислом Каримовнинг икки фарзанди ҳақида хабарлар тарқалди. Улардан бири – Гулнора Каримова гўёки уй қамоғига ўтказилгани ҳақидаги миш-миш. Интернетда тарқалган бу норасмий маълумотни Kun.uz сўровига жавобан Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги рад этди.

Иккинчи хабар эса расмий манбалардан олинган. Маълум бўлишича, Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хоними Татяна Каримовани судга берган. Унинг даъвоси ворислик ҳуқуқига оид. Иш 26 июн куни фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида кўриб чиқилади. Агар суд очиқ тарзда бўлиб ўтса, биз иш тафсилотларини батафсилроқ ёритишимиз мумкин.

Маълумот ўрнида, бу – Пётр Каримовнинг отаси вафотидан кейинги илк даъвоси эмас. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида бир неча йил ишлаган Пётр Каримов 2018 йилда Москвадаги суд орқали компаниядан ўзига белгиланган пулларни ундириб беришни сўраган эди. Ўша йил охирига бориб масала бўйича даъвогар ва жавобгар келишиб олгани хабар қилиниб, суд иши тугатилган.

Пётр Каримов – Ислом Каримовнинг ўтган асрнинг 60-йилларида уйланган биринчи рафиқаси Наталя Петровна Кучмадан туғилган катта фарзанди ҳисобланади. Бу ҳақдаги расмий маълумотлар Ислом Каримов вафотидан кейин илк марта 2017 йилда очиқланган эди. Пётр ўша пайтда Москва вилоятида яшаши айтилганди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Қўқон шаҳридаги бозорда катта ёнғин рўй берди. Салкам 6 соат давом этган ёнғин оқибатида “Буюк ипак йўли” савдо мажмуасининг катта қисми зарар кўрди, юздан ортиқ тадбиркорнинг моллари ёниб кетди. Бозорга туташ бўлган ўндан ортиқ хонадон ҳам ёнғин ичида қолди. Шавкат Мирзиёев жабрланганларга ҳамма керакли ёрдам кўрсатилишига ваъда берди. Ҳолат бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддаси билан жиноят иши очилган.

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги мис қувурлари ишлаб чиқарадиган цехда портлаш рўй берди. Расмий маълумотга кўра, бир киши ҳалок бўлган, 16 киши турли даражада жароҳат олган. Бирламчи хабарларда газ портлагани айтилди, кейинроқ воқеага технологик жараённинг бузилиши сабаб бўлгани маълум қилинди. Kun.uz манбасига кўра, портлаш электр токида ишловчи мис чиқарадиган ускунанинг қизиб кетиши сабабли рўй берган.

Андижонда 12 нафар ИИБ ходими маҳкумни уриб ўлдириб қўйгани маълум бўлди. Суд ҳужжатларига кўра, воқеа ўтган йили март ойида Шаҳрихон туманидаги тергов ҳибсхонасида рўй берган. Шу ерда ишловчи 12 нафар ички ишлар ходими 32 ёшли эркакни аёвсиз калтаклаб, унинг ўлимига сабабчи бўлган. Суд улардан 6 нафарини 4 йил қамоқ жазосига, қолган 6 нафарини эса 3 йил уй қамоғига ҳукм қилди.

Тошкент вилояти ИИББнинг минтақавий бўлинмаси раҳбари қамоққа олинган. Бу вилоятда ички ишлар тизими тўртта минтақага ажратилган бўлиб, улардан бирининг раҳбари устидан тергов кетяпти. Манбаларимизга кўра, унинг хизмат хонасидаги сейфдан 20 минг доллар нақд пул топилган. У Бўстонлиқ туманида профилактика инспекторларига ажратилган хизмат уйини сохта ҳужжатлар орқали сотиб юборишга гумонланяпти.

Сурхондарёда ўқитувчи аёлларни дўппослаган эркакка ҳукм ўқилди. Икки ҳамкасбини урган 34 ёшли эркак 1 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳукмида ёзилишича, судланувчи икки аёлга етказган маънавий ва моддий зарарни қоплаган, жабрланувчилар унга нисбатан даъвоси йўқлигини бидирган. Ҳукм қонуний кучга кирса, эркак жазони манзил-колонияда ўтайди.

Тошкентда автобуслар қатнови яхшиланиши автобусда юрадиганлар сонини кўпайтирди. Шаҳарга янги автобуслар олиб келинган май ойида кунига ўртача 780 минг йўловчи автобусга чиққан. Бу – ўтган йилнинг май ойига нисбатан 63 фоизга кўп. Бундан хулоса қилиш мумкинки, агар кечикишлар ва тиқилинчлар бўлмаса, одамлар бажонидил жамоат транспортида юради. Демак, автобусларга ҳақиқатда ишлайдиган алоҳида йўлаклар ажратиб берилса, йўловчилар сони яна ҳам кўпайишини кутиш мумкин.

Тошкентга оид яна бир хабар. Иқтисодий тадқиқотлар марказининг ўрганишларига кўра, пойтахтда иккиламчи кўчмас мулк учун ўртача нархлар бир йил ичида 27 фоизга ошган. Уй-жой ижараси нархлари эса бир йилда 8 фоизга кўтарилган, лекин йил бошидан буён 12 фоизга арзонлашган. Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Миробод уй-жой энг қиммат туманлар бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистондаги энг йирик хусусийлаштириш жараёнларидан бири якунига етди. Мамлакатдаги бешинчи энг катта банк ҳисобланувчи Ипотекабанкнинг 74 фоизини Венгриянинг OTP гуруҳи сотиб олди. Европалик инвесторлар бунинг учун 240 млн доллар тўлади. OTP гуруҳи банкдаги давлатнинг қолган улушини уч йил ичида сотиб олиши кўзда тутилган.

Швейцариянинг энг йирик банкларидан бўлмиш Credit Suisse'га ўзбекистонлик янги мижозларни жалб қилиш тақиқланди. Банкнинг янги эгалари пул ювиш ва коррупция хавфини чеклаш мақсадида шундай қарорга келган. Хавф даражаси юқори мижозлар тоифасига Ўзбекистондан ташқари Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва яна 20 дан ортиқ давлатлар фуқаролари бор. Оддийроқ қилиб айтганда, швейцариялик инвесторлар Ўзбекистонни порахўрлик энг авж олган давлатлар рўйхатига қўшган. 

Мавзуга оид