Ўзбекистон | 09:17 / 21.06.2023
8510
2 дақиқада ўқилади

Фойдаланилмаётган объектлар эгаларига оширилган солиқ ставкаси қўлланиши бекор қилинади

Қонунчилик палатасининг мажлисида “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Фото: iStroyPortal

Қонун лойиҳаси билан республиканинг 11 та вилоятидаги 47 та “шароити оғир” бўлган туманлар учун вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш кўзда тутилмоқда. 2025 йил 1 январгача мазкур туманларда янгидан ташкил этилган ва фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланмоқда.    

Фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланишини бекор қилиш, давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш, ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб туриш назарда тутилмоқда. 

Электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.

Муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид