Невада полигонида "Кичик бола" тактик ядро қуролининг синови, 1962 йил 14 июл.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг халқаро муносабатлар тизимида улкан ўзгаришлар содир бўлди. Давлатлар ўзларининг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқейини мустаҳкамлаш учун қуролланиш пойгасига зўр берди. Бу эса икки қутбли халқаро муносабатлар тизими шаклланишига ва бир-бирига қарши бўлган икки иттифоқнинг юзага келишига олиб келди.

Уруш якунида АҚШ томонидан илк атом бомбаси синовдан ўтказилди. Бу эса ўз навбатида СССРнинг ҳам ўз ядровий қуролига эга бўлиш учун зўр бериб ҳаракат қилишига туртки берди. Хусусан, бир неча йиллик уринишлардан сўнг советлар 1949 йилда уни синовдан ўтказди. Шунга қарамасдан давлатлар шу билангина чекланиб қолишмади. Улар доимо ўзларининг ҳарбий потенциалларини такомиллаштиришга ҳаракат қилишди. 1952 йилда АҚШда водород бомбаси яратилди. Кейинроқ СССР ҳам бу қуролга эга бўлди. Эндиликда қуролланишнинг ҳар бир соҳасида рақобат бошланди.

Шу тарзда атом бомбаларини узоқ масофага ташийдиган самолётлар, қитъалараро баллистик ракеталар, атом сувости кемалари ва инсониятни бир неча марта йўқ қилиб юбориши мумкин бўлган оммавий қирғин қуроллари захираси яратилди.

Совуқ уруш инсоният тарихидаги энг таҳликали тинчлик даври бўлди. Доимий қуролланиш улкан сарф-харажатларни талаб этарди. Ядровий қурол давлатлар учун ҳарбий қудратини ошириб, ўз ўрнини мустаҳкамлаши билан бирга, бир-бири билан тўғридан тўғри қуролли тўқнашувлардан сақлаб турувчи фактор вазифасини ҳам ўтаган. Умуман олганда, СССР ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршилик ҳар бир соҳада намоён бўлади. Уларнинг сиёсий ва бошқарув тизими шунингдек мафкуралари ҳам бир-биридан тубдан фарқ қилиб, ўртадаги зиддиятга сабаб бўлувчи омиллардан бири эди.

АҚШ ҳам, СССР ҳам дунёнинг турли қисмларида ҳар томонлама ўз таъсир доирасини кенгайтириш учун ҳаракат қиларди. Бу мақсадда СССР социалистик инқилобларни, АҚШ эса демократия ўрнатилиши йўлидаги инқилобларни қўллаб-қувватларди. Икки қудратли давлат ўртасида муносабатлар кескинлашуви фонида дунёда икки сиёсий блок пайдо бўлди. Шу тариқа, қарийб ярим аср давомида коммунизм ва капиталистик дунё ўртасидаги зиддиятлар халқаро муносабатлар тизимида хал қилувчи ўринни эгаллади. Икки ўртадаги муносабатларнинг ниҳоятда кескинлашуви ва дунёни ядро уруши ёқасига олиб келган воқеалардан бири тарихга “Кариб инқирози” номи билан кирган.

АҚШ – Куба муносабатлари кескинлашуви

Куба Кариб денгизи ҳавзасидаги орол давлат ҳисобланиб, географик жиҳатдан АҚШга жуда яқин жойлашган.