Париждаги жума куни Тотувлик майдонида намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви. Фото: Амир Ал-Халбий / Getty Images

Франциядаги норозилик намойишлари тўрт кундирки тинмаяпти, гарчи мамлакат ички ишлар вазири Жералд Дарманин шанба куни эрталаб журналистларга намойишлар «бироз пастроқ интенсивлик»да ўтганини таъкидлаган бўлса-да. Жума куни ҳибсга олинган намойишчилар сони 467 нафарни ташкил этиб, уларнинг умумий сони 1000 нафардан ошган.

Ғалаён Франциянинг денгиз ортидаги ҳудудларига ҳам кўчган. Жанубий Америкада жойлашган Франция Гвианасида бир эркак пойтахт Каййенадаги ўз уйи балконида туриб кўчадаги намойишларни кузатиб турганида дайди ўқ тегишидан ўлган, дейилади Ассамблея раиси Гарбриэл Сервиллнинг баёнотида.

Аввалроқ Сервилл Париж яқинида отилган ўсмир йигитчанинг «фожиали» ўлими туфайли келиб чиққан «ҳиссиётларни тушуниб тургани»ни айтиб, хотиржамликка чақирган эди, деб ёзади The Washington Post нашри.

Тўрт кундан буён давом этаётган тартибсизликлар давомида шаҳар идораларига ўт қўйилган, дўконлар таланган, намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган. Франция президенти ўзининг Брюсселга ташрифини бекор қилиб, тарангликни сусайтиришга доир чораларни муҳокама қилиш учун Париждаги Елисей саройида вазирлар маҳкамасининг шошилинч йиғилишини чақирган.

Таназзулнинг кучайиши — жаҳон саҳнасидаги амбициялари ўз уйидаги қийинчиликлар билан мураккаб аҳволга солиб қўйилган Макрондек етакчи учун синов. Франция учун бу оғриқли товон лаҳзалари, чунки боланинг ўлдирилиши ирқ, тенглик ва полиция фаолияти борасида кучли баҳсларни келтириб чиқармоқда, деб ёзади The Washington Post нашри.

Айримлар Макрондан Франция полициясининг ҳокимиятини чеклашни талаб қилмрқда. «Агар улар тартибсизликлар янада авж олишини исташмаса, нимадир қилишлари керак», — деган Парижда яшаётган 26 яшар дастурчи-муҳандис Готие Энон. Унинг сўзларига кўра, Франция шаҳарчаларида яшаётган аҳолининг «бутун бир гуруҳлари»га қулоқ солинмаяпти.