Руминия Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Бухарестдаги элчиси Владимир Липаевни вазирликка чақирди. Учрашув давомида унга Россия дипломатик ваколатхонасининг бир ходимини persona non grata деб эълон қилиш тўғрисида расмий вербал нота топширилди.
Қарорга мувофиқ, мазкур дипломат беш кун ичида Руминия ҳудудини тарк этиши шарт.
Дронлар уч марта Руминия ҳаво ҳудудига кирган
Руминия расмийларига кўра, 24–26 июл кунлари мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари Руминия ҳаво ҳудудига ноқонуний кирган учта учувчисиз учиш аппаратини йўқ қилган.
24 июл куни Бузэу вилоятидаги Падина шаҳри яқинида F-16 қирувчи самолёти биринчи дронни уриб туширган.
25 июл куни Украина билан чегара ҳудудида яна бир дрон йўқ қилинган.
26 июл куни эса Сулина–Килия ҳудудидаги Руминия ҳудудий сувлари устида учинчи дрон F-16 қирувчиси томонидан уриб туширилган.
Дрон қолдиқлари Россияга тегишли экани айтилди
Руминия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисига мамлакат ҳудудида йўқ қилинган дроннинг парчаларини ҳам намойиш этган.
Расмийларга кўра, ўтказилган текширув дрон таркибий қисмлари Россияда ишлаб чиқарилганини тасдиқлаган.
Шундан сўнг Бухарест Москвага нисбатан қатъий норозилик билдириб, бу ҳаракатларни «ноқонуний ва масъулиятсиз» деб баҳолаган ҳамда барча масъулият Россия зиммасида эканини таъкидлаган.
Руминия элчиси Москвадан чақириб олинди
Мазкур воқеалар ортидан Руминия ҳукумати Москвадаги элчиси Кристиан Истратени маслаҳатлашувлар ўтказиш учун Бухарестга чақириб олди.
Бу қадам икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлардаги кескинлик янада кучайганини кўрсатмоқда.
Бухарест НАТО ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтиради
Руминия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳаво ҳудуди бир вақтнинг ўзида НАТО ва Европа Иттифоқининг ҳаво ҳудуди ҳам эканини эслатиб, Россия томонидан бундай қоидабузарликлар мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.
Вазирлик маълум қилишича, Руминия миллий хавфсизлик ва мамлакат фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида НАТО ҳамда Европа Иттифоқидаги иттифоқчилари билан яқин ҳамкорликни давом эттиради.
Президент Россияни айблади
Руминия президенти Никушор Дан ҳам Россияни мамлакат ҳаво ҳудудини бузишда айблади.
Украинадаги уруш бошланганидан буён Россия дронларининг Руминия ҳаво ҳудудига кириши билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар қайд этилган.











