Жаҳон | 12:57 / 22.07.2023
11157
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Вашингтон 25 июл куни Киевга янги ҳарбий ёрдам тўғрисида эълон қилмоқчи

25 июл, сешанба куни Қўшма Штатлар Украинага умумий қиймати 400 миллион долларгача бўлган янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилмоқчи. 

Фото: Reuters

Reuters агентлигининг АҚШ уч расмий вакилига таяниб хабар беришича, Украинага артиллерия қуроллари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар ва қуруқликдаги ҳарбий техника етказиб бериш режалаштирилган

Хусусан, гап Stryker зирҳли транспортёрлари, NASAMS, Patriot, Stinger зенит-ракета комплекслари ҳамда HIMARS тизимлари учун ўқ-дорилар ҳақида кетмоқда. 

Бундан олдин АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилганди, унинг умумий ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил этади. 

Ёрдам пакети тўртта NASAMS зенит-ракета тизимлари ва уларга ўқ-дорилар, 152 миллиметрли артиллерия снарядлари, TOW танкка қарши ракеталар, юқори аниқликдаги авиация ўқ-дорилари, Phoenix Ghost ва Switchblade учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, дронлар ва электрон урушларга қарши воситаларни ўз ичига олади, дея хабар берди Америка Мудофаа вазирлиги.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Украина учун 150та ёнилғи қуйиш қурилмаси, 115та техникани тортиш ва ташиш учун тактик машина, техникани эвакуация қилиш учун 50та тактик машина, портлар ва бандаргоҳларни ҳимоя қилиш ва миналардан тозалаш учун ускуналар, шунингдек, тактик хавфсиз алоқа тизимларини сотиб олади. 

Мавзуга оид