Грециянинг Родос оролида минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари ва сайёҳлар ўз уйлари ҳамда меҳмонхоналардан эвакуация қилинган. Бу ҳақда мамлакат ёнғин хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Орол шарқида вазият айниқса оғир, бу ерда одамлар пляжлардан соҳил қўриқлаш кемалари ва хусусий қайиқларда эвакуация қилинмоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, сайёҳлар орасида машҳур бўлган мазкур ҳудудга Греция флоти кемалари ҳам юборилган.
Греция ўт ўчириш хизмати бошлиғи ўринбосари унинг қўли остидагилар ҳозирда мамлакатнинг турли ҳудудларида ёнғинга қарши курашаётгани, аммо Родосда энг мураккаб вазият кузатилаётганини билдирган.
Киотари районида уч меҳмонхонани аллақачон олов қамраб олган, бу жойда беш вертолёт ва 173 нафар ўт ўчирувчи ёнғинни ўчириш билан шуғулланмоқда.

Британиялик сайёҳ Бекки Маллиганнинг сўзларига кўра, уни синглиси ва қизи билан биргаликда меҳмонхонадан пляжга олиб чиқишган, бу ерда улар бошқа дам олувчилар билан биргаликда қаттиқ жазирама остида туриб қолишган.
«Пляжда фақат битта кичик шийпон бор, биз эса жуда кўпчиликмиз, — деган у BBC мухбирига, — Болалар жуда кўп, куннинг ўртаси, биз эса ҳеч қаерга кета олмаймиз ва ҳеч қандай ёрдамсиз ўтиришга мажбурмиз. Бу шунчаки жуда ёқимсиз».
Бошқа бир дам олувчи Саймон Уитли у тушлик қилаётганида қўлидаги пицца устига кул туша бошлаганини айтиб берган.
«Меҳмонхонада бу нормал ҳолат экани ва хавотирга ҳожат йўқлиги, улар вазият бўйича ҳукумат билан боғланишганини айтишди», — деган у.
Кўп ўтмай унинг меҳмонхонасидагилар эвакуация қилинган. «Биз бир кун олдин вақтимизни ўтказган пляждаги бар ёниб кетганига гувоҳ бўлдик. Ҳаммаёқни қуюқ тутун қоплади. Биз буюмларимиз солинган икки сумкани меҳмонхонада қолдиришимизга тўғри келди», — деган Уитли.

TUI туристик компанияси ёнғин туфайли бир неча меҳмонхоналари зарар кўрган бўлса-да, хавфсизлик нуқтайи назаридан барча сайёҳларини бошқа яшаш жойларига кўчиришга қарор қилган.














