Жаҳон | 08:34 / 24.07.2023
5865
2 дақиқада ўқилади

Киев Беларус Қизил Хоч ташкилотини Украинадан болаларни ноқонуний олиб чиқишда айблади

Украина Бош прокуратураси Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Беларусга мажбуран депортация қилишда иштирок этгани муносабати билан Беларусдаги Қизил Хоч ташкилотига қарши тергов бошлади. Бу ҳақда Украина бош прокурори Андрей Костин маълум қилди.

Фото: Укринформ

Унинг сўзларига кўра, Беларус Қизил Хоч ташкилоти ўз ҳаракатлари билан «Женева конвенциялари нормаларини, шунингдек, Қизил Хоч ҳаракатининг асосий тамойилларини қўпол равишда бузмоқда». 

Костин Халқаро Қизил Хоч Қўмитасини вазиятга эътибор қаратишга ва «тегишли чоралар кўришга» чақирди.

Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларидан болалар Беларусдаги соғломлаштириш лагерларига «таътилга» жўнатиляпти, бироқ ҳаммаси ҳам ортга қайтмаяпти, баъзилари Россия ҳудудида ғойиб бўляпти, дея хабар берди мухолифатдаги Инқирозга қарши халқ бошқаруви раҳбари ва Беларуснинг ўтиш даври қўшма вазирлар маҳкамаси вакили Павел Латушко 19 июль куни «Дождь» телеканалига берган интервьюсида.

Аннексия қилинган ҳудудларнинг Россия томонидан тайинланган «ҳокимиятлари» меҳрибонлик уйларидаги етим болалар реабилитация қилиш учун Беларусга олиб кетилаётганини даъво қилмоқда. Июнь ойида Россия ва Беларус иттифоқ давлати котиби Дмитрий Мезенцев қўшиб олинган «ДХР» ва «ЛХР»дан 2000дан ортиқ болалар ота-оналари ёки васийларининг розилиги билан Минск вилоятидаги санаторийга дам олишга кетганини айтди.

18 июль куни Европарламент депутатлари Беларус раҳбари Александр Лукашенкони ҳибсга олишга ордер бериш талаби билан Ҳаагадаги Халқаро жиноий судга (ХЖС) мурожаат қилди. Европарламентнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси томонидан қабул қилинган ҳужжатда Украинага етказилган зарар ва унинг ҳудудида содир этилган жиноятлар учун Беларус масъул экани айтилади. Бундан ташқари, Европарламент депутатлари украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда Лукашенко режимининг ролига ишора қилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид