Танқиддан сўнг: пойтахт кўчаларидаги эгаллаб олинган тротуарлар очилиб, тартибга келтирилмоқда (фоторепортаж)
Kun.uz’нинг қурувчилар тротуарни ҳам эгаллаб олаётгани ҳақидаги суриштирувидан сўнг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳолатга тезкор муносабат билдирди. Таъкидланишича, қурилиш компаниялари томонидан қуршаб олинган йўлаклар йўловчилар учун очилмоқда. Лекин бошқа ҳудудларда ҳали бундай ҳолатлар кўп.
Сайтимиз орқали республиканинг бир неча кўчаларида қурилиш объектлари пиёдалар йўлакларини ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётган ҳолатлар акс этган мақолани эълон қилган эдик. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлиги томонидан билдирилган муносабатда ҳақиқатан ҳам мақолада кўрсатилган ҳолатлар ўринли эканлиги маълум қилинган. Вазирликка кўра, Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан мазкур ҳолатлар манзилларга чиққан ҳолда ўрганилиб, масъулларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Хусусан, мақолада кўрсатиб ўтилган объектлар атрофи жойида тозаланиб, тартибга келтирилаётганини вазирлик тақдим этган тасвирлардан кўриш мумкин.
Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасидаги қурилиш объектида яқинида ҳам ҳавога чанг кўтарилмаслик чоралари кўрилиб, асфальт йўлга зарар етказилган жойлар тўғриланган ва тротуарлар пиёдалар ўтиши учун қулай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, назорат ишлари ҳудудлар бўйлаб давом этиши ҳам маълум қилинган.
Эндиги босқичда очилган тротуарларни шу ҳолича қолдирмасдан, жисмоний имконияти чекланган йўловчиларга ҳам қулайлик яратилади. Бу ишлар ҳам тез орада бажарилишига умид қиламиз.
Аммо Қушбеги ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида бир неча йиллардан бери ўраб олинган ҳудуд ҳамон пиёдалар учун очилмади. Ҳолатнинг кечикаётгани сабабини сўраб Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясига мурожаат қилдик. Инспекция матбуот хизмати томонидан мазкур қурилиш объекти раҳбарияти айни пайтда хорижда эканлиги, улар Ўзбекистонга қайтиши билан яқин кунларда муаммо бартараф қилиниши билдирилди.
Муаммолар шу билан барҳам бўлгани йўқ. Шаҳарларимизда ҳали очилиши керак бўлган ва ўзбошимча эгаллаб олинган тротуарлар бир талай. Масалан, Чилонзор туманининг ҳали тўлиқ очиб берилмаган Чилонзор кўчасида пиёдалар йўли тадбиркорлар томонидан эгаллаб олиниб, ҳаракатланиш учун жуда ноқулай ҳолат юзага келган.
Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчаси яқинидаги яна бир йирик қурилиш объекти раҳбарияти ҳам йўловчиларни тротуарларда ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган: пиёдалар ойларки кўчанинг автомобиллар қатнов қисмидан юришга мажбур бўлишмоқда.
Тротуарнинг маълум қисмигина очиқ. У ҳам чиқинди ташлаш қутилари билан тўсиб қўйилган. Қутилардан кейин эса объект тротуар билан эгаллаб олинган.
Йўл жуда тор, икки тарафлама автомобиллар аранг ҳаракатланади. Йўловчиларга эса танлов йўқ. Ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб ҳаракатланишга мажбур.
Фуқароларни ҳуқуқларидан бу тарзда чеклаб қўяётган тадбиркорларнинг бундай эътиборсизликларига тегишли ташкилотлар тез орада ечим топишади, деган умиддамиз.
Сардорбек Усмоний
Мавзуга оид
15:33 / 30.07.2024
Танқиддан сўнг: Чортоқ суди ёш боланинг умрига зомин бўлган Malibu ҳайдовчисини қамоққа олди
18:22 / 04.05.2024
Катта хавф остидаги пиёдалар йўлаги – Давлатободда инсонлар ҳаёти ўйинчоқми?
12:29 / 13.02.2024
“Шаҳар пиёдаларники бўлиши керак” – шаҳарсоз одамларнинг янги ҳештегга қўшилишини сўрамоқда
13:18 / 22.01.2024