Амалдаги тартибга кўра, қўшимча давлат гранти абитуриент танлаган биринчи (1-устувор) бакалавриат таълим йўналишига нисбатан татбиқ этилади. Иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи устувор таълим йўналишлари учун ушбу имтиёз амал қилмайди.
Шунингдек, қўшимча грант фақат кундузги таълим шакли учун ажратилади. Кечки, сиртқи ва масофавий таълим шаклларида мазкур имтиёз қўлланилмайди.
Қабул параметрларида маълум бир таълим йўналиши учун кўрсатилган қўшимча грант ўринлари алоҳида олий таълим муассасасига эмас, балки республика бўйича ушбу таълим йўналиши учун ажратилган умумий ўринлар сонини англатади.
Қўшимча давлат грантига тавсия этиш республика миқёсида амалга оширилади. Бунда абитуриентлар биринчи танлаган таълим йўналиши бўйича тўплаган баллари кетма-кетлиги асосида сараланади.
Имтиёздан фойдаланиш учун абитуриент давлат гранти бўйича белгиланган ўтиш баллининг камида 80 фоизини тўплаган бўлиши шарт. Мазкур талабни бажарганлар орасидан энг юқори балл тўплаган абитуриентлар қўшимча грант ўринларига тавсия этилади.
Шу билан бирга, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари бир вақтнинг ўзида ушбу тоифа бўйича ҳам, бошқа имтиёзли давлат грантлари бўйича ҳам танловда иштирок эта олмайди. Улар фақат битта имтиёзли давлат гранти тури бўйича талабгор бўлиш ҳуқуқига эга.











