Жамият | 11:00 / 30.09.2025
10824
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганларни уриб кетган ҳайдовчи 7 йилга қамалди

Ҳайдовчи жами 8 кишини уриб юборган. Пиёдалар зарбдан бир неча метрга отилиб кетган. Улардан бири вафот этган. Марҳуманинг 3 нафар фарзанди онасиз қолди. Жабрланувчилардан бири 2 ёшли қизи 20 метрга учиб кетгани ва унинг оёғи синганини айтган.

Самарқанд шаҳрида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган фуқароларни уриб кетган ҳайдовчи жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Millar дастури хабар берди.

ЙТҲ 11 апрел куни соат 20:00 ларда Самарқанд шаҳри Нурли йўл маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Рудакий кўчасида содир бўлганди. 1997 йилда туғилган ҳайдовчи Lacetti машинасини юқори тезликда бошқариб бориб, йўлнинг белгиланган қисмида пиёдаларни ўтказиш учун тўхтаб турган Labo ортидан урилган. Сўнгра бошқарувни йўқотиб, пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 8 кишини уриб юборган.

“Ўша ерда 3 қатор машина йўл берди. Биз ўтаётган вақтда тўртинчи қатордан катта тезликда келиб, тўхтамасдан бизни уриб юборди. 2 ёшли қизим 20 метрга учиб кетди. Оёғи синди. Ногирон бўлиб қолиши мумкин эди. Ҳозир юрганда оқсоқланиб юради. Жияним ҳам бор эди. Вафот этган опам ҳомиладор эди”, деган жабрланувчилардан бири.

ЙТҲ оқибатида 33 ёшли аёл шифокорлар кўрсатган ёрдамга қарамасдан ҳаётдан кўз юмган.

“Шокка тушдим. Етиб келгунимча турмуш ўртоғим оламдан ўтган экан. Фарзандларим онасининг суратига қараб қачон онамни олиб келасиз, деб сўрашади, энг қийини шу саволга жавоб бериш”, деган ЙТҲда вафот этган аёлнинг турмуш ўртоғи.

ЖИБ Самарқанд шаҳар суди ҳукми билан ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қоидабузарнинг онаси “бахтсиз ҳодиса” туфайли жабрланганлардан узр сўраб, ёлғиз боқувчиси бўлган ўғли яқинда Россиядан қайтганини, “шундай иш қиламан деб кўчага чиқмагани”ни айтиб, интервю берганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид