Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Б.Р. тўрт нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Канадага ишга юборишни ваъда қилгани аниқланган.

Бунинг эвазига у 5 минг доллар талаб қилиб, келишилган пулнинг 3 минг долларини фирибгарлик йўли билан олгани айтилмоқда.

Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро М.Т. бошқа бир фуқарога Японияга бориш учун виза ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилиб, 1 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Уйчи туманидаги ҳолатда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бош мутахассиси Ш.Н. фуқарони 1,5 минг доллар эвазига Словакияга ишга юборишни ваъда қилгани маълум қилинди. У келишилган маблағ ҳисобидан 3,3 млн сўмни олган. Текширув давомида ушбу пулларнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, Учтепа туманида M.G МЧЖ масъул шахслари фуқарони Германияга ишга юборишни ваъда қилиб, унинг 8 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.