Таъкидланишича, 2023 йил биринчи ярмида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан омбудсманга 125 та шикоят келиб тушган.
Шикоятларнинг 19 таси бевосита мониторинг ташрифлари давомида амалга оширилган якка тартибдаги қабулларда, 18 таси “омбудсман қутиси”, 40 таси пенитенциар муассасалар маъмурияти ва маҳкумларнинг (маҳбусларнинг) яқин қариндошлари томонидан почта алоқаси хизмати орқали, 21 таси омбудсман ва унинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилган шахсий қабуллар, 22 таси электрон тарзда ва 5 таси омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.
“Ушбу шикоятларнинг 64 фоизи юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган.
Шикоятларнинг 8 таси юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар омбудсманнинг хатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш белгиланган.
Шунингдек, 37 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда”, дея омбудсман матбуот котиби Феруза Мадраҳимовадан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган шу мазмундаги 20га яқин хабар омбудсман томонидан зудлик билан ўрганилган ҳамда Бош прокуратурага талабномалар киритилган.
Таъкидланишича, 2023 йил олти ойи мобайнида омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба борган. Хусусан, бу даврда 113 та жазони ижро этиш колонияси, 81 та тергов ҳибсхонаси, 43 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 31 та наркология маркази филиаллари, 27 та махсус қабулхона, 16 та “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, 15 та реабилитация маркази, 10 та руҳий-асаб касалликлари диспансери, 8 та ички ишлар органи ҳамда 4 та Мастлик ҳолатида бўлганларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ўрганилган.
Мониторинг ташрифлари давомида ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани ўрганилган. Шунингдек, 7 мингга яқин маҳкум ва маҳбус билан жамоавий ҳамда 2 417 нафар маҳкум (маҳбус) билан якка тартибда суҳбат ўтказилган.









