Фан-техника | 15:55 / 07.08.2023
69495
2 дақиқада ўқилади

100 кмга 4,5 литр бензин — Toyota Corolla Cross гибрид кроссовери тақдим этилди

Фото: Toyota

Toyota компанияси 6 август куни Хитойда гибрид кроссовер — Toyota Corolla Cross’ни тақдим этди. Бунгача ушбу моделнинг фақат бензинда ҳаракатланадиган версияси ишлаб чиқарилар эди.

Corolla Cross 2 литр ҳажмли бензинда ҳаракатланадиган двигатель билан жиҳозланган, ўз навбатида у электромотор билан ҳамкорликда ишлайди. Двигателлар жами 195 от кучини беради. Кроссовер 100 км масофага 4,56 литр бензин сарф қилиши қайд этилган.

Машинанинг узунлиги 4460 мм, эни 1825 мм, бўйи 1620 ммни, ғилдираклар базаси эса 2640 ммни ташкил қилади. Юкхона сиғими эса 427 литрни ташкил қилади.

Автомобиль харидорларга 6 хил комплектацияда тақдим қилинади. Базавий версия учун 19,5 минг доллар нарх белгиланган. Топ комплектация учун 25,9 минг доллар тўлаш керак бўлади.

Топ версия теридан ишлов берилган салон, 10,25 дюймлик медиатизимни бошқариш дисплейи билан таъминланган. Шунингдек, Apple CarPlay ва Huawei HiCar каби интерфейсларни қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари,  унда Т-Pilot ва Toyota Connect каби қулайликлар ҳам жорий этилган.

Мавзуга оид