08:06 / 08.08.2023
6366

Навалний 18-марта жазо изоляторига юборилди

Сиёсатчи матбуот котибининг сўзларига кўра, амалдаги жазони ҳисобга олган ҳолда, Алексей Навалний жами 207 кунни жазо камерасида ўтказади.

Фото: point.md

Мухолифатчи Алексей Навалний «экстремизм» иши бўйича ҳукм эълон қилинганидан сўнг дарҳол 14 кунга жазо камерасига (ЖИЗО) жўнатилди. Бу ҳақда 7 август, душанба куни сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш Twitter’да маълум қилди ва бу чора унга нисбатан 18-марта қўлланганини таъкидлади.

Ҳукм эълон қилинишидан олдин ҳам Навалний жазо камерасида сақланган, дея эслайди Ярмиш. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, у ерда бўлган умумий муддат 207 кунни ташкил этган. Навалний биринчи марта 2022 йилнинг 15 августида, Владимир вилояти, Мелехово қишлоғидаги 6-сонли қаттиқ тартибли колонияга ўтказилганидан кўп ўтмай, жазо камерасига жойлаштирилган эди. 

4 август куни Москва шаҳар суди Мелеховодаги ИК-6да бўлиб ўтган сайёр мажлисда Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси («ФБК») асосчисини 19 йилга «махсус режимдаги» колонияга ҳукм қилди. Бундан ташқари, Навалний 500 минг рубл миқдорида жаримага тортилди, озодликка чиққанидан кейин 3 йилга эркинлиги чекланади, 10 йил давомида интернетда мурожаат ва бошқа материалларни чоп этиши тақиқланди. 

Сиёсатчи Жиноят кодексининг олти моддаси бўйича етти эпизодда  айбланган: экстремистик ҳамжамият яратиш, экстремизмга оммавий чақириқлар, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузувчи нотижорат ташкилот тузиш, экстремистик ҳаракатларни молиялаштириш, шунингдек, вояга етмаганларни хавфли ҳаракатларга жалб этиш ва нацизмни реабилитация қилиш. Ушбу эпизодлар бўйича суд жараёнлари 2023 йил май ойида бошланган. 

Top