Жаҳон | 18:17 / 09.08.2023
4971
2 дақиқада ўқилади

Ўрта Ер денгизида мигрантлар қайиғи чўкиб кетиб, ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Бу йил Италияга денгиз орқали келувчи ноқонуний муҳожирлар сони икки баробарга ошган.

Фото: Getty Images

Мигрантлар қайиғи Италиянинг Лампедуза ороли яқинида ҳалокатга учраши оқибатида 41 киши чўкиб кетди.

Ҳалокатдан омон қолган тўрт киши қутқарувчиларга айтиб беришича, улар жами 45 киши, жумладан уч бола ҳам бўлган қайиқда сузишган.

Кема Туниснинг Сфакс шаҳридан йўлга чиққан, аммо бир неча соат ўтиб ағдарилиб кетган.

Тунис расмийларига кўра, Лампедузадан 130 км масофадаги Сфакс порт шаҳри Европада нисбатан яхшироқ ҳаёт излаб, хавфли саёҳатга чиқувчи ноқонуний муҳожирлар тўпланадиган жойга айланган.

Омон қолганлар Малта юк кемасига олиб чиқилган ва Италия соҳил қўриқлаш хизматига топширилган.

Сўнгги кунларда Италия патрул катерлари ва кўнгиллилар гуруҳлари Лампедузага сузиб келмоқчи бўлган 2 мингдан ортиқ кишини қутқарган.

Якшанба куни Италия соҳил қўриқлаш хизмати яна икки кема ҳалокатга учрагани, натижада 30 га яқин киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берганди.

Душанба куни эса Тунис расмийлари Сфакс яқинида 11 жасад топилганини маълум қилди.

Италия ташқи ишлар вазирлигининг 7 август кунги маълумотига кўра, йил бошидан буён Италияга денгиз орқали 93700 нафарга яқин ноқонуний муҳожир келган, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан (44700) икки баробарга кўп.

Мавзуга оид