Антибиотикларга чидамлилик пайдо бўлишининг асосий сабаби ҳали ҳам дорилардан нотўғри фойдаланиш бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, сўнгги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, муаммо ҳаво ифлосланиши билан янада кучайиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлашича, антибиотикларга чидамлилик аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи 10 та асосий глобал хавфдан биридир.

Тадқиқотчилар йигирма йил давомида юздан ортиқ мамлакатдан йиғилган маълумотлардан фойдаланган. Уларнинг тадқиқот иши натижаси Lancet Planetary Health журналида чоп этилган.

Йигирма йил давомида юздан ортиқ мамлакатлардан олинган маълумотларга асосланган таҳлил ҳаво ифлосланишининг ошиши барча мамлакатлар ва қитъаларда антибиотикларга чидамлиликнинг ошиши билан боғлиқликка эгалигини кўрсатган.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу боғлиқлик «антибиотикларга чидамли бактерияларнинг кўпчилиги учун бутун дунё бўйлаб бир хил» бўлган.

Тадқиқот шуни кўрсатганки, двигателларда ёнилғининг ёниши натижасида ҳосил бўлувчи, ўпка ва қонга кириши мумкин бўлган майда заррачалар (PM2.5) сони ҳавода кўпайиши билан баравар организмда антибиотикларга чидамлилик ортади.

«Вақт ўтиши билан бу алоқа мустаҳкамланди ва PM2.5 даражасидаги ўзгаришлар сўнгги йилларда чидамлиликнинг янада сезиларли ўсишига олиб келди», дейди тадқиқотчилар. Айниқса, Шимолий Африка, яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда ҳаво таркибидаги заррачалар ва антибиотикларга чидамлиликнинг юқори даражаси аниқланган.

Тадқиқотчилар айтишича, қўлга киритилган натижалар экология нуқтайи назаридан чидамлиликка қарши курашишнинг янги йўлларини очиб беради.

«Антибиотикларга чидамлилик ва ҳаво ифлосланиши ўз-ўзидан дунё аҳолиси саломатлигига энг жиддий таҳдидлардан биридир», дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Чжэцзян университети профессори Хон Чен.

«Шу пайтга қадар биз бу икки омил ўртасидаги эҳтимолий ўзаро боғлиқлик ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас эдик, аммо бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳаво ифлосланишини назорат қилиш икки томонлама фойда келтириши мумкин: бу нафақат паст сифатли ҳавонинг зарарли оқибатларини камайтиради, балки чидамли бактериялар кўпайиши ва тарқалишига қарши курашда ҳам муҳим рол ўйнайди», дейди олим.

Антибиотиклар ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиниши – ҳали ҳам бактериялар қаршилигини оширишнинг асосий сабабидир