Ўзбекистон пойтахти 28 октябрь куни ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиқди. IQAir халқаро мониторинг платформасининг маҳаллий вақт билан соат 17:57 даги маълумотларига кўра, Тошкентда ҳаво сифати индекси (AQI US) 185 ни ташкил этди. Бу «Unhealthy» (соғлиқ учун зарарли) тоифасига киради.

IQAir

Рейтингнинг иккинчи поғонасидан Индонезиянинг Жакарта шаҳри (170), учинчи ўриндан эса Бишкек (165) жой олган. Кейинги ўринларда Дубай (156), Милан (154), Лоҳур (154), Мумбай (153), Деҳли (152), Олмаота (148) ва Калькутта (144) қайд этилган.

AQI шкаласи бўйича 151–200 оралиғидаги кўрсаткич ҳар қандай одам ҳавонинг зарарли таъсирини ҳис қилиши, таъсирчан гуруҳларда эса жиддийроқ оқибатлар кузатилиши мумкинлигини англатади. Ушбу гуруҳга болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ҳамда юрак ва нафас йўллари касалликлари бор инсонлар киради.

Бундай кунларда мутахассислар очиқ ҳавода узоқ вақт қолмасликни ва кўчадаги фаол жисмоний машғулотларни кейинга қолдиришни тавсия қилади. Хоналарни ҳаво нисбатан тоза бўлган соатларда шамоллатган маъқул, кўчада эса N95/FFP2 тоифасидаги респиратордан фойдаланиш лозим: оддий тиббий ниқоб майда заррачалардан деярли ҳимоя қилмайди.

IQAir рейтинги реал вақт режимида янгиланиб боради, шу боис шаҳарнинг рўйхатдаги ўрни кун давомида ўзгариб туриши мумкин. Ҳозир Тошкент ва ундан кейинги ўринлардаги шаҳарлар ўртасидаги фарқ унчалик катта эмас. Долзарб маълумотлар билан iqair.com сайти ва AirVisual иловаси орқали танишиш мумкин.

Аввалроқ, Тошкентда совуқ мавсумда ҳаво ифлосланишига шамол тезлигининг пасайиши, ҳарорат инверсияси ва антициклонал жараёнлар таъсир қилиши ҳақида хабар берилган эди. География фанлари доктори Бахтиёр Холматжоновнинг тушунтиришича, бу шароитда ифлослантирувчи моддалар ер юзасига яқин қатламда тўпланади.

Ҳавони ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш учун Ихтисослаштирилган атмосфера лабораторияси маркази Тошкентнинг барча туманларида махсус фильтрлар орқали намуналар олиб, таҳлил қилмоқда. Келгусида бу тажрибани республика бўйлаб жорий этиш режалаштирилган.

Иқлим ўзгариши миллий маркази маълумотига кўра, 26 октябрга қадар Тошкентда атиги 3,9 мм ёғингарчилик кузатилган. Ойлик меъёр 23,7 мм. Ёғингарчилик камлиги чанг заррачаларининг ҳаводан ювилиб кетишини қийинлаштиради. Сўнгги ўн йилликда совуқ мавсумда кучли шамол ва ёғингарчилик камлиги билан боғлиқ ноқулай метеорологик шароитлар 57 фоизга кўпайган.